АҚШ, Туркия ва Украина Россия босқинига қарши бирлашишни кўриб чиқяпти
Олам
−
03 Октябрь 2022
11141АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан кеча, 2 октябрь куни Истанбулда Туркия раҳбарининг расмий вакили Иброҳим Калин билан учрашиб, у билан Украина атрофидаги вазият ва Киевни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиш жараёнини муҳокама қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
“Улар Россия агрессиясига қарши Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш, жумладан, Россиянинг Украина ҳудудини ноқонуний равишда қўшиб олишга уринишларини қоралаш масалаларини муҳокама қилдилар”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, Салливан Туркиянинг Украина ғалласининг экспортини осонлаштиришга қаратилган ёрдам орқали дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирган.
Бундан ташқари, Америка Президенти ёрдамчиси Туркия томонига “Россияда сақланаётган икки америкалик фуқарони” озод қилиш бўйича олиб борилган дипломатик иш учун ташаккур айтган.
Шунингдек, минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш, Шарқий Ўрта ер денгизидаги ҳар қандай келишмовчиликларни ҳал қилиш учун мулоқот ва дипломатиянинг аҳамияти, Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш йўлидаги тараққиёти муҳокама қилинган.
Шунингдек, учрашувларда Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак ҳам қатнашган. Суҳбатдошлар фронтдаги вазиятнинг ривожланиши ва Россия Федерациясининг сўнгги агрессив ҳаракатларига жавоб бериш чораларини мувофиқлаштиришни муҳокама қилган.
Украина Президенти девони раҳбари НАТОга аъзо бўлгунга қадар Украина ишончли халқаро хавфсизлик кафолатларини олиши зарурлигига эътибор қаратган.
Андрей Ермак НАТОнинг собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен билан биргаликда у раислик қилаётган Украина хавфсизлигини кафолатлаш бўйича халқаро ишчи гуруҳи Киев Хавфсизлик шартномаси бўйича тавсиялар тайёрлаганини, унинг хулосаси Украина томонига самарали хавфсизлик кафолатларини тақдим этиши кераклигини эслатди.
Давлат раҳбари девони раҳбари Россия томонидан вақтинча босиб олинган Украина ҳудудларида “референдум”лар ўтказилиши ва уларни аннексия қилиш бўйича ноқонуний қарор қабул қилинишига кескин муносабат билдириш муҳимлигини таъкидлади.
“Бу референдумлар бефойда, улар ҳақиқатни ўзгартирмайди. Украинанинг ҳудудий яхлитлиги тикланади. Бу Президент Владимир Зеленский, Украинанинг бутун ҳарбий-сиёсий раҳбарияти ва Украина халқининг принципиал позициясидир”, дейди у.
Томонлар Украина армиясига хавфсизлик соҳасида ёрдамни давом эттириш, Украина мудофаа кучларининг ҳозирги устувор эҳтиёжлари ва бундай ёрдамни тезда олиш ва уни мустаҳкамлаш муҳимлигини муҳокама қилгани айтилмоқда.
Шунингдек, ташриф давомида Андрей Ермак Иброҳим Калин ва Жейк Салливан билан икки томонлама форматда алоҳида учрашувлар ўтказди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь