“Толибон” Қобулдаги ҳукуматни қачон қулатиши мумкинлиги айтилди

Олам

image

АҚШ ҳукумати “Толибон” Афғонистон пойтахти Қобулни бир ойдан уч ойгача бўлган муддатда эгаллаб олиши мумкинлигини айтди. Бундай тахминга мамлакатда ошиб бораётган ҳарбий кескинлик сабаб бўлган. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда

“Вазият ёмон томонга қараб кетмоқда”, дейилади хабарда. Бошқа бир манбага кўра эса, Пентагон ҳозирда АҚШ дипломатлари ва фуқароларини яқин орада Афғонистон пойтахтидан эвакуация қилишга тайёрланиш керак, чунки Америка ҳарбий сценарийларига кўра, “Толибон” Қобулни 30-90 кун ичида қулга киритиши мумкинлиги айтилмоқда. 

Қайд этилишича, жорий йилнинг июнь ойида Америка махсус хизматларининг тузган сценарийсида “Толибон” Қобулни олти ой ичида эгаллаб олиши мумкинлиги айтилган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 август куни Пентагон матбуот котиби Жон Кирби журналистлар учун ўтказилган брифингда Афғонистонда вазият кескинлашаётгани ҳамда жангарилар ҳужум суръатини ошираётганини тан олди. “Толибон” ҳаракати Жузжон, Сари-Пул, Қундуз, Нимрўз ва Тахор провинциялари марказлари устидан ўз назоратини ўрнатган. Нашрга кўра, айни вақтда Афғонистондаги 120 та шаҳар “Толибон” қўл остида қолмоқда.

Маълумот учун, ҳозирда Афғонистонда ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида ҳарбий ҳаракатлар кетяпти. Кимнинг қўли баланд келиши борасида бир аниқ башорат бериш қийин. Чунки Ўзбекистоннинг жанубий қўшнисидан ҳар куни турли хил хабарлар келмоқда. 

Бир сафар толиблар Афғонистоннинг бирор туманини эгаллагани айтилса, бошқа сафар ҳукумат кучлари ҳаракат аъзоларининг бир қанча жангариларини йўқ қилганини айтмоқда. Жумладан, Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бир суткада “Толибон” ҳаракатининг 450 дан ортиқ жангарасини йўқ қилгани ҳақида хабар берган бўлса, июль ойи охирида ҳаракатнинг бир неча қўмондонлари ҳибсга олингани айтилганди. Шу ўринда, мамлакатни тарк этаётган АҚШнинг уринишларини эсдан чиқармаслик керак. Америка Ҳаво кучлари бир неча марта толибларни ҳаводан ўққа тутиб, “Толибон”ни фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб бормасликка чақирди. Ўз навбатида, расмий Қобул “Толибон” билан тинчлик ўрнатишга рози эканини маълум қилган.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

234

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг