АҚШ Суриянинг хорижлик жангариларни миллий армияга қўшиш режасини маъқуллади

Олам

image

АҚШ Сурия ҳукумати томонидан илгари сурилган режа – минглаб хорижлик қуролли жангариларни мамлакатнинг миллий армияси таркибига қўшиш таклифини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда АҚШнинг Суриядаги махсус вакили Томас Баракка таяниб, “Reuters” хабар берди.

Мудофаа вазирлигининг уч нафар расмийсига кўра, тахминан 3,5 минг нафар хорижлик жангари – асосан Хитой ва Марказий Осиё давлатлари фуқаролари янги тузилаётган Сурия армиясининг 84-дивизияси таркибига киритилади. Дивизияга суриялик фуқаролар ҳам жалб этилади.

“Биз ушбу масалада шаффофлик асосида ўзаро келишувга эришдик. Агар улар янги ҳукуматга содиқлигини билдираётган бўлса, уларни ташқарида эмас, давлат тузилмаларида сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ”, деган Барак.

Аслида, АҚШ аввалдан хорижлик жангариларнинг расмий қуролли тузилмалар таркибига қўшилишини қатъиян рад этиб келган. Бироқ Президент Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйлаб сафари ва Ар-Риёдда Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашувидан сўнг, расмий Вашингтон бу позициясини қайта кўриб чиқди. Шундан сўнг, АҚШ Сурия режимига қарши санкцияларни босқичма-босқич бекор қилишга киришди ва Баракни Сурияга махсус вакил этиб тайинлади.

Сурия Мудофаа вазирлигига яқин манбаларнинг маълум қилишича, президент аш-Шара ва унинг иттифоқчилари Ғарб давлатларини хорижлик жангариларни армияга қўшиш орқали уларнинг халқаро террористик гуруҳларга қайта қўшилиш хавфи камайишини ишонтиришга муваффақ бўлган.

Гап, жумладан, Башар Асадга қарши курашган ва ўтган йили у ҳокимиятдан ағдарилгач, мамлакатни эгаллаган гуруҳ – “Ҳаят Таҳрир аш-Шом”  аъзолари ҳақида бормоқда. Бу гуруҳ ҳокимият алмашувида муҳим роль ўйнаган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг декабрида Сурияда ҳокимиятни эгаллаган Аҳмад аш-Шара жорий йилнинг 29 январь куни мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти деб эълон қилинганди. 14 май куни эса АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонига ташрифи давомида Аҳмад аш-Шара билан учрашди ва унга Исроилни тан олиш ҳамда Иброҳим келишувларига қўшилиш таклифини берди. Қолаверса, ўша куни Ар-Риёд шаҳрида Туркия, АҚШ, Саудия Арабистони ва Сурия етакчилари иштирокида онлайн форматдаги тўрт томонлама мулоқот ҳам ташкил этилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Сурия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг