АҚШ шаҳарлари FIFA’дан ваъда қилинган миллионлаб долларларни талаб қилмоқда

Спорт

image

2026 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган АҚШ шаҳарлари FIFA томонидан ваъда қилинган, аммо ҳалигача тўланмаган миллионлаб доллар маблағларни талаб қилмоқда. Бу ҳақда “The Athletic” нашри хабар берди.

Манбага кўра, 2025 йил АҚШда бўлиб ўтган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати олдидан FIFA президенти Жанни Инфантино мамлакатнинг 11 та мезбон шаҳрининг ҳар бирига 1 миллион доллардан ажратилишини маълум қилган.

Унинг таъкидлашича, ушбу маблағ мини-футбол майдонлари қуриш ва маҳаллий ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган “мерос дастури”нинг бир қисми бўлиши керак эди.

Шундан сўнг 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган шаҳарлар ҳам худди шундай молиявий ёрдам олишларига ишонган. Айниқса, улар 39 кун давомида бир нечта ўйинга мезбонлик қилиш каби анча катта харажатларни зиммасига олганини таъкидламоқда.

Исмини ошкор этмаслик шарти билан гапирган тўрт нафар ташкилий қўмита раҳбарининг сўзларига кўра, FIFA расмийлари уларга бир неча бор ҳар бир шаҳар 1 миллион доллардан олишини оғзаки равишда тасдиқлаган. Бироқ, бу ваъда ҳеч қачон омма олдида расман эълон қилинмаган ва маблағлар ҳамон ўтказилмаган.

2026 йилги мундиалга АҚШнинг Сиэтл, Сан-Франциско кўрфази ҳудуди, Лос-Анжелес, Даллас, Хьюстон, Канзас-Сити, Атланта, Филаделфия, Нью-Йорк, Майами ва Бостон шаҳарлари мезбонлик қилади.

“The Athletic”нинг ёзишича, айрим шаҳарлар FIFA ходимлари билан боғланиб, ваъда қилинган тўловлар бўйича изоҳ сўраган. Шу билан бирга ташкилот нашрнинг расмий сўровига муносабат билдиришдан ҳам бош тортган.

Вазиятни янада мураккаблаштираётган жиҳат шундаки, баъзи ташкилий қўмиталар турнирдан кейин ўз фаолиятини тугатган. Шу боис энди маблағ кимга ўтказилиши кераклиги ҳам ноаниқлигича қолмоқда. Айрим шаҳарлар эса маҳаллий ҳокимият учун молиявий ҳисобот тайёрлар экан, ушбу маблағни кутилган даромад сифатида киритиш ёки киритмаслик масаласида иккиланмоқда.

Нашрга кўра, FIFA 2023-2026 йиллар цикли учун 15 миллиард доллардан ортиқ даромад кутаётган бир пайтда, мезбон шаҳарларга нисбатан берилган нисбатан кичик молиявий ваъдаларнинг бажарилмаётгани саволлар уйғотмоқда.

Ташкилотнинг 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун операцион бюджети тахминан 2,7 миллиард долларга баҳоланган.

Айни пайтда Жанни Инфантино FIFA’нинг тижорат ҳуқуқларидаги улушни сотиш режаси муваффақиятсизликка учраганидан кейин UEFA ва бошқа футбол ташкилотлари танқидига ҳам дуч келмоқда. Энди эса АҚШ шаҳарларига берилган молиявий ваъдалар бажарилмагани ҳақидаги даъволар унга нисбатан босимни янада кучайтириши мумкин.

Манба таъкидлашича, 2026 йилги Жаҳон чемпионати харажатларининг катта қисми америкалик солиқ тўловчилар зиммасига тушган. Хавфсизлик, транспорт, логистика ва бошқа ташкилий ишлар учун миллиардлаб доллар сарфланган. FIFA эса чипталар, телеҳуқуқлар, ҳомийлик шартномалари, савдо ва автотураргоҳлардан тушган асосий даромадни олган.

Масалан, Канзас-Сити ташкилий қўмитаси маълумотига кўра, шаҳар ва штат ҳокимиятлари турнирга тайёргарлик учун жами 86,8 миллион доллар давлат маблағини ажратган. Бу маблағ хусусий сармояларни ўз ичига олмайди.

Бундан ташқари, шаҳарлар VIP йўлаклар ташкил этиш, қўшимча полиция хизмати, FIFA талаб қилган “тоза стадионлар”ни яратиш ҳамда Нью-Йоркдаги “МетЛайф” стадиони майдонини финал баҳси учун янгилашга қўшимча 13 миллион доллар сарфлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ FIFA 2025 йилги клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этмаган жамоаларга ваъда қилинган 250 миллион долларлик бирдамлик тўловларини ҳалигача ўтказмаганни ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг