АҚШ сенатори Хитойга “жаҳаннам санкциялари” билан таҳдид қилди
Олам
−
22 Декабрь 2023
7189АҚШнинг республикачи сенатори Линдси Грэм Тайванни босиб олишга уринадиган бўлса, Пекинга қарши "жаҳаннам санкциялари" лойиҳасини ишлаб чиқишга ваъда берди.
Сенатор Грэм "NBS News" нашрининг Хитой раҳбари Си Цзиньпин Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити чоғида АҚШ Президенти Жо Байденга Хитой Тайвань билан тинч йўллар орқали бирлашиш тарафдори эканини айтгани ҳақидаги мақоласига раддия билдирган. Грэмга кўра, бундай хабарлар уни асабийлаштиради.
"Мен Демократик ва Республикачи сенаторлар билан иккита ишни тез бажариш мақсадида ишлайман. Биринчиси, Тайвань учун кучли қўшимча ҳимоя яратиш. Иккинчиси, агар Хитой Тайванни эгаллашга ҳаракат бошласа, унга қарши қўйиладиган "жаҳаннам санкциялари" лойиҳасини ишлаб чиқиш", деб ёзган сенатор ўзининг веб-сайтида.
Унга кўра, АҚШда ХХР билан қарама-қаршиликни юзага келтирувчи партиялараро консенсус мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг август ойида Хитой америкалик қонунчилар Тайванга борганига кескин муносабат билдирган эди.