АҚШ Россиянинг заиф нуқталарини Украинага айтади
Олам
−
02 Октябрь 2025 7112 2 дақиқа
АҚШ Украинага Россия ҳудудининг чуқур қисмига зарбалар бериш учун зарур бўлган разведка маълумотларини тақдим этади. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Манбаларга кўра, Президент Дональд Трамп АҚШ разведка хизматлари ва Пентагонга Киевга бу йўналишда ёрдам беришга рухсат берган.
Вашингтон НАТОдаги иттифоқдошларидан ҳам Украинага шунга ўхшаш қўллаб-қувватлашни сўраётгани айтилмоқда. Потенциал зарба объектлари сифатида энергетика инфратузилмалари кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, АҚШ Киевга узоқ масофали Tomahawk, Barracuda ва бошқа 800 км масофагача етиб борадиган ракеталар етказиб бериш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда, аммо қарор ҳали қабул қилинмаган.
Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ шундай зарбалар НАТО давлатлари – АҚШ ва Европа мамлакатлари Россияга қарши уруш олиб бораётганини англатишини таъкидлаган. Унинг фикрича, Украина бу каби зарбаларни мустақил амалга ошира олмайди, улар фақат Ғарб ёрдамида амалга ошиши мумкин.
Украина Президенти Владимир Зеленский сентябрь ойи охирида АҚШдан янги узоқ масофали қуроллар олса, Кремль расмийларига зарбалар бериш билан таҳдид қилган. У Трамп билан учрашуви давомида айнан шундай қурол ҳақида гапирганини маълум қилган.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса май ойида бу қарор сиёсий келишувга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга зидлигини айтган ва Москва ишончли ҳаво мудофаа тизими билан ҳимояланганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оқ уй раҳбарининг махсус вакили Кит Келлогг АҚШ Президенти Дональд Трамп Украинага Россия ҳудудига узоқ масофали қуролли зарбалар бериш учун рухсат бергани ҳақида айтганди.
Live
Барчаси