АҚШ Россиянинг музлатилган активларидан келган даромадни Украинага юбормоқчи
Олам
−
23 Октябрь
1556АҚШда Россия Федерациясининг музлатилган активларидан келиб тушган даромаддан олинган 20 миллиард долларни Киевга жўнатиш тўғрисидаги қарор 99 фоизга қабул қилинди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазири Жанет Йеллен маълум қилди.
Қайд этилишича, Қўшма Штатлар ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган Украинага конвертация қилинганда: 18,5 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда.
“Катта еттилик”нинг 50 миллиард долларлик ёрдам пакетига шартли равишда 20 миллиард доллар ҳисса қўшишимиз мумкинлигини айтмоқчиман”, дейди 22 октябрь куни АҚШ Молия вазири Жанет Йеллен.
Бу Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан тушган даромаддан Украинага 50 миллиард доллар ажратиш бўйича “Катта еттиликка” аъзо давлатлар июнь ойида эришган келишувга ишора қилади.
Йелленнинг аниқлик киритишича, Киевга Америка ҳукумати томонидан қўшимча ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарор 99 фоизга қабул қилинган. Бу борадаги якуний қарор шу ҳафта охиригача қабул этилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, АҚШ Молия вазири Украинага ушбу молиявий ёрдам кўрсатиш юки америкалик солиқ тўловчиларга тушмаслигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам АҚШ ҳукумати Украинага 400 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этганди. Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашув чоғида АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин ушбу пакетга, хусусан, қўшимча ўқ-дорилар, зирҳли техника ва бошқа қуроллар киритилишини айтган. Унинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар икки томонлама хавфсизлик бўйича келишувга мувофиқ Украинага ёрдам кўрсатишда давом этади.