АҚШ Россияга ҳамдардлик билдирди

Олам

image

АҚШ маъмурияти собиқ Совет Иттифоқининг сўнгги президенти Михаил Горбачёвнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. 

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ёзма баёнотида шундай дейди: 

“Ошкоралик сиёсатидан бошқа ҳеч қандай сўз Горбачёвни яхшироқ тасвирлай олмайди. Бу сўз ўзининг очиқ позицияси билан инсоният тарихининг йўналишини ўзгартирган одамга мос келади”. 

Таъзия матнида Горбачёв ўзининг ғалабасини ҳам, мағлубиятини ҳам очиқдан-очиқ эълон қилган етакчи эканлиги таъкидланади. 

“У диссидентларнинг қарашлари учун жой очди ва қувғинда ёки қамоқхонада йиллар ўтказган диссидентларни озод қилди. У бошқа давлатлар, жумладан, АҚШ каби душман давлатлар билан алоқаларга очиқ эди”, деб ёзган Энтони Блинкен. 

Давлат котибининг қайд этишича, Совуқ урушнинг тугаши, Берлин деворининг вайрон қилиниши, АҚШ ва Совет Социалистик Республикалар Иттифоқи (СССР) ўртасида ядровий қуролсизланиш бўйича биринчи келишувнинг имзоланиши каби қадамлар Горбачёвнинг қатъиятисиз ташланиши мумкин эмас эди.  

АҚШ Президенти Жо Байден ҳам Михаил Горбачёвнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Михаил Горбачёв 1931 йил 2 мартда туғилган. У 1990 йил 15 мартдан 1991 йил 25 декабргача СССРнинг биринчи ва охирги президенти бўлган. Бундан ташқари, у Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг охирги Бош котиби ва СССР Олий Кенгаши Президиумининг раиси лавозимларида ишлаган.

Горбачёв 1991 йил 25 декабрда СССР президенти лавозимидан истеъфога чиқди, шу билан бирга Совет Иттифоқи ўз фаолиятини тўхтатди. Горбачёв жамғармасида сақланадиган меҳнат дафтарчасида унинг давлат раҳбари лавозимини тарк этгани ҳақида ҳеч қандай қайд йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Михаил Горбачёв 30 август куни кечқурун оғир ва узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Михаил Горбачёв

Баҳолаганлар

1012

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг