“Горбачёв айбдор”. Назарбоев Россиянинг Украинага босқини сабабларини айтди
Олам
−
02 Декабрь 2023
25799Украина инқирозининг асосий сабаби ташқи кучларнинг Россия ва Украина ўртасида низо сочиб юборишга интилаётган ҳаракатлари эди. Бу фикрни Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев ўзининг “Менинг ҳаётим” хотиралар китобида айтиб ўтган.
“[Инқирознинг] асосий сабаби – миллий карточкани моҳирона ўйнаган, йиллар давомида тизимли равишда одамлар ўртасида адоват қўзғатган, қардош халқлар ўртасида низо қўзғатишга интилган ва асосан ўз мақсадига эришган ташқи кучларнинг маккор ҳаракатларидир”, дейди Назарбоев.
Унинг таъкидлашича, бу кучларнинг улкан салоҳиятини бир лаҳзага ҳам унутмаслик керак.
“Украина инқирози мамлакатнинг жануби-шарқидаги қарама-қаршилик билан чекланиб қолмайди. Бу мураккаб ҳодиса. Ва у Майдандан анча олдин пайдо бўлган”, дейди у.
Унинг қайд этишича, ўша пайтдан бери [2014] Донбасснинг русийзабон аҳолиси билан қандай қилиб терроризмга қарши операция доирасида кураш олиб борилганини бугун ҳамма билади.
Назарбоев ўшанда ўзи бошқарган Қозоғистоннинг Минск келишувлари асосида томонларни яраштириш учун фаол воситачилик саъй-ҳаракатларини қайд этган.
“Натижада Украинадаги тўқнашувларнинг олдини олишнинг имкони бўлмади. Бугун кўряпмизки, биз қила олган ягона нарса оловни ёқиш вақтини узайтириш бўлган”, дейди собиқ президент.
Шу билан бирга, у Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркелнинг бу борада айтганларини ҳам эслаган:
“Ҳурматли хоним [Ангела] Меркелнинг 2022 йил охирида аниқ айтган сўзларидан ҳайратланмаслик мумкин эмас: “Минск келишуви Украина вақтдан ютиши учун тузилган”.
Назарбоевнинг эслатишича, 2015 йилнинг январь ойида АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Барак Обама билан телефон суҳбатида Америка раҳбари уни Минск келишувларини амалга оширишни можарони ҳал қилишнинг “калит”и деб билишига ишонтирган эди.
У сўзида давом этиб, Россиянинг Украинага ҳарбий босқинини баҳоларкан, бунга сабаб бўлган воқеаларни илова қилган.
“Украинадаги инқирознинг асл сабабларидан бири собиқ СССР президенти Михаил Горбачёвнинг нотўғри хатти-ҳаракатлари бўлиб, у [Ғарбнинг] НАТО шарққа қараб ҳаракат қилмаслиги ҳақидаги ваъдаларини қоғозда ҳужжатлаштирмаган. Баъзи жойларда ёзма келишувларни ҳурмат қиладиган, баъзиларида эса ҳаттоки бўйсунмайдиган Ғарб, бу оғзаки ваъдадан жуда осон воз кечди”, дейди Назарбоев.
Унинг сўзларига кўра, СССР парчаланиб, ҳужжатлар расмийлаштирилмагач, собиқ социалистик лагернинг барча давлатлари, жумладан, Болтиқбўйи мамлакатлари ҳам НАТОга қабул қилинган.
“Россия хавфсизлик камари сезиларли даражада торайди. Ниҳоят, Украина НАТОга қўшилиш ниятини билдирди, ядровий давлат мақомини тиклаш ғояси янада хавфли бўлди. У Минск келишувларини бажаришдан қочган”, дейди Қозоғистоннинг биринчи президенти.
У мазкур масалада ўз мулоҳазаларини билдираркан, юқори келтирган сабаблари ва фикрлари Россиянинг Украинага босқини моҳиятини оқлашни англатмаслигини қўшимча қилган.
LiveБарчаси