АҚШ разведкаси яширин эвакуация ишларини амалга оширмоқда
Олам
−
26 Август 2021
7815АҚШ Қуролли Кучлари ва Марказий разведка бошқармаси Қобул аэропорти ташқарисида америкаликларни Афғонистондан эвакуация қилиш учун яширин операциялар ўтказмоқда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берган.
Манбага кўра, Марказий разведка бошқармаси ўз ватандошларини Қобул ҳудудидан ва пойтахт ташқарисидан эвакуация қилиш учун бир неча махфий операцияларни бошлаган, бунинг учун улар ҳарбий вертолётлардан фойдаланмоқда.
Бундан ташқари, Америка қўшинлари ўз иттифоқчилари, хусусан Буюк Британия ва Франциядан, ўз мамлакатлари фуқароларини, шунингдек, “грин-карта” ва махсус визага эга бўлган афғонларни эвакуация қилиш учун қуруқликдаги операцияларни ўтказмоқда. Қайд этилишича, бундай миссияларда устуворлик Америка фуқароларига берилади.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга кўра, АҚШ ҳукумати жорий йилнинг 14 августидан бери Қобулдан 4,5 мингга яқин ватандошларини, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини эвакуация қилган. Вашингтон ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистонда бир ярим мингга яқин америкалик қолиши мумкин.
Аввалроқ, “Толибон” ҳаракати Қобул халқаро аэропортига олиб борувчи йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳаракат фақат хорижликларга аэропортга киришга рухсат бермоқда.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси