“Толибон” Ғарбни ғайриинсонийликда айблади
Олам
−
26 Август 2021
7929“Толибон” ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳид Ғарб давлатлари Афғонистондан ўз фуқаролари билан биргаликда маҳаллий малакали мутахассисларни ҳам эвакуация қилаётганидан шикоят қилди.
“Улар мамлакатимиз ишларига аралашмаслиги ва инсон ресурсларини олиб кетмаслиги керак: шифокорлар, ўқитувчилар, бошқа керакли одамлар. Америкада улар идиш ювувчи ёки ошпаз бўлишлари мумкин. Бу ғайриинсонийлик”, деган Мужоҳид “The New York Times” нашрига берган интервьюсида.
Унинг айтишича, толиблар АҚШда ишлаган собиқ таржимонлар ва бошқа афғонларни таъқиб қилмаган ва бу одамларга ўз ватанида ҳеч нарса таҳдид солмаган.
Шунингдек, Мужоҳид АҚШ афғон элитасини мамлакатни тарк этишга ундамаслиги кераклигини айтган.
Аввалроқ, Мужоҳид “Толибон” ҳаракати Қобул халқаро аэропортига олиб борувчи йўлни тўсиб қўйиб, фақатгина хорижликларга рухсат бераётганини маълум қилганди.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси