АҚШ Кубанинг собиқ президентини қотилликда айблади

Олам

image

АҚШ кеча, 20 май куни Кубанинг собиқ президенти Рауль Кастрога нисбатан қотиллик айбловларини эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Айблов АҚШ ва Куба ўртасидаги Совуқ уруш давридан бери давом этиб келаётган кескин муносабатларни янада ёмонлаштирди. Шу билан бирга, АҚШ Президенти Дональд Трамп Кубада ҳокимият алмашишини ҳам талаб қилмоқда. Мамлакатни эса, 1959 йилдаги инқилобдан кейин Фидель Кастро бошчилигидаги коммунистлар бошқариб келмоқда.

Айбловга кўра, Куба разведкаси Флоридадаги “Brothers to the Rescue” гуруҳи ҳақида маълумот йиғиш учун жосуслар тармоғидан фойдаланган. Бу тармоқнинг айрим аъзолари 20 йилдан кўпроқ вақт аввал ҳам судланган. Улардан бири 1996 йилда самолётларнинг уриб туширилиши билан боғлиқ жиноятда айбдор деб топилган.

Кубанинг Ташқи ишлар вазири Бруно Родригес бу айбловларни “ноқонуний ва асоссиз” деб атади. У Куба “Brothers to the Rescue” самолётларини ўзини ҳимоя қилиш мақсадида уриб туширганини яна бир бор таъкидлади ва гуруҳни “террорчи ташкилот” деб атади.

Родригеш X ижтимоий тармоғида АҚШ Кубага қарши “тажовузни кучайтиришга” уринаётганини ёзди.

“Brothers to the Rescue” самолётлари уриб туширилган воқеа

1996 йилда Куба ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли MiG-29 қирувчи самолёти “Brothers to the Rescue” ташкилотига тегишли иккита Cessna самолётини уриб туширган эди. Ҳодиса оқибатида уч нафар АҚШ фуқароси ва бир нафар “green card” эгаси ҳалок бўлган.

БМТнинг Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти самолётлар Куба ҳаво ҳудудидан ташқарида бўлганини билдирган. Куба эса буни рад этиб, самолётлар ўз ҳаво ҳудудида уриб туширилганини таъкидлаб келади.

Айбловга кўра, воқеа пайтида Мудофаа вазири бўлган Рауль Кастро гуруҳга қарши куч ишлатишга рухсат берган. Ҳужжатларда Куба разведкаси “Brothers to the Rescue” фаолиятига жосуслар тармоғи орқали кириб боргани ҳам қайд этилган.

Айблов АҚШ ва Куба ўртасидаги кескинлик кучайган бир пайтда эълон қилинди. Дональд Трамп маъмурияти Кубага нефть етказиб бераётган давлатларга юқори божлар жорий этиш билан таҳдид қилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио эса, Куба кенг кўламли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга муҳтожлигини айтиб, ҳозирги ҳукуматни “қари ва лаёқатсиз одамлар” бошқараётганини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Куба Brothers to the Rescue Рауль Кастро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг