АҚШ қўрққан, араблар ҳайиққан Хоманаий ким эди?
Таҳлил
−
01 Март 30648 6 дақиқа
2026 йил 28 февраль Яқин Шарқ учун ортга қайтмас нуқтага айланди. АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳаво операцияси натижасида Эрон Олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилди. Унинг вафоти Ислом Республикаси тарихидаги энг узоқ ва зиддиятли даврга — 36 йиллик (1989–2026) бошқарувга якун ясади.
Хоманаий шунчаки сиёсатчи эмас, балки Эронни иқтисодий инқироз ичида қолган мамлакатдан янги ҳарбий-сиёсий давлатга айлантирган тизим меъмори эди. Унинг мутлақ ҳокимият сари йўли 1979 йилги Ислом инқилобидан бошланган ва 1981 йилдаги суиқасддан сўнг янада мустаҳкамланган эди. Ўшанда ўнг қўли фалаж бўлиб қолган Хоманаий «тирик шаҳид» мақомини олди.
Илк йиллар
Али Хоманаий 1939 йил 19 апрелда Машҳад шаҳрида диний уламо оиласида дунёга келган. Унинг сиёсатга кириши чуқур диний таълимдан бошланди: 13 ёшидан шиалик мактабларида таҳсил олди, сўнгра Қум ва Ан-Нажаф шаҳарларида оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайнийнинг бевосита устозлигида ўқишни давом эттирди. Айнан ўша йиллари Эрон тақдирини белгилаб берган кўп йиллик яқинлик юзага келди. 1960 йилларнинг бошидан Хоманаий шоҳ тузумига қарши яширин ҳаракатнинг фаол иштирокчисига айланди. Мамлакат хавфсизлик ва разведка ташкилоти томонидан кўп бор ҳибсга олиниши ва қийноқларга солиниши унинг исломий лидерлар орасида муросасиз курашчи сифатидаги обрўсини фақат мустаҳкамлади.
Ислом инқилоби ва юксалиш
1978–1979 йиллардаги Ислом инқилоби даврида 40 ёшли Али Хоманаий оятуллоҳ Хумайнийнинг энг яқин мафкуравий издошига айланди. У Инқилоб кенгаши таркибига кирди ва кейинчалик ўз шахсий ҳокимиятининг таянчига айланган Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг асосчиларидан бири бўлди. Теҳрондаги жума намози имоми мақоми унга оммага таъсир ўтказиш учун улкан минбар берди.
1981 йилги инқилобий террор авжига чиққан пайтда Али Хоманаий ҳаётида унинг жисмоний имконияти ва сиёсий тақдирини абадий ўзгартирган бурилиш нуқтаси юз берди. 27 июнь куни Теҳрондаги «Абузар» масжидида сўзлаётган нутқи пайтида унинг рўпарасидаги магнитофонга яширилган портловчи қурилма ишга тушди. Ҳоманаий мўъжиза туфайли омон қолди, бироқ суиқасд ўчириб бўлмас из қолдирди: унинг ўнг қўли бутунлай фалаж бўлиб қолди.
Бу ҳодиса уни заифлаштирмади, балки унга исломий тузум йўлида ўзини қурбон қилишга ҳам тайёр “жонбоз” — тирик шаҳид мақомини берди. Ушбу жароҳат консерватив қатлам орасида унинг обрўсини мустаҳкамлаган энг кучли сиёсий қуролга айланди ва ўша йилнинг ўзидаёқ президентлик лавозимига йўл очди. У ушбу лавозимни 1989 йилда Ислом Республикаси асосчиси оятуллоҳ Хумайний вафот этгунига қадар эгаллаб турди. Ўшанда Теҳрон кўчаларига миллионлаб одамлар чиққан эди. Дафн маросими вақтида назорат қилиб бўлмайдиган тиқилинч оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлди ва жароҳатланди.
Олий раҳбар
1989 йилда Хумайнийнинг вафоти янги саҳифани очди: Экспертлар кенгаши Ҳоманаийни иккинчи Олий раҳбар этиб сайлади. Конституцияга киритилган ўзгартиришлар унга мисли кўрилмаган ваколатлар берди: Ҳоманаий армия, суд тизими, давлат ОАВлари ва барча куч ишлатар тузилмалари устидан тўғридан-тўғри назоратни қўлга киритди. 1994 йилда у Буюк оятуллоҳ унвонини қабул қилиб, миллионлаб диндорлар учун олий нуфузли шиа маржаси сифатида ўз мақомини мустаҳкамлади.
Хоманаий ички ва ташқи босимларга қарамай, Эрон теократик йўлдан қайтмаслигининг кафилига айланди. Унинг ҳаётидаги энг йирик лойиҳалардан бири ядровий дастур бўлди. Хоманаий нозик чизиқ устида маҳорат билан мувозанат сақлади: омма олдида ядровий қуролни тақиқловчи фатво чиқарган ҳолда, бир вақтнинг ўзида атом технологияларини миллий суверенитет рамзига ва Ғарбга босим ўтказишнинг асосий воситасига айлантирди.
Ташқи сиёсатда Ҳоманаий АҚШни “жаҳон мустабидлиги рамзи” сифатида кескин танқид қилди ва Исроилни “ноқонуний босқинчи режим” деб атади. Унинг шахсий ҳомийлиги остида Эрон Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”, Ғазодаги ҲАМАС ва Ямандаги ҳусийлардан иборат минтақадаги энг кучли «прокси» кучлар тармоғини яратди.
Али Хоманаий раҳбарлигида Эрон минтақадаги таъсирини сезиларли даражада кенгайтирди, бироқ бу “империяча” мақом учун мамлакат мисли кўрилмаган бадал тўлади. Ҳоманаий ядровий дастурни миллий ғурур рамзига айлантирди, бу эса ўн йиллик санкциявий яккаланишга олиб келди. Ғарб билан қарама-қаршилик сиёсати иқтисодиётни сурункали инқироз ҳолатига тушириб, мамлакатни санкциялар боши берк кўчасига қамаб қўйди.
Агар 1989 йилда Эрон ЯИМ ҳажми бўйича дунёда 21-ўринни эгаллаган бўлса, 2024 йилга келиб у дунё рейтингида 14 поғонани йўқотиб, 35-ўринга тушиб қолди. 2025 йил охирига келиб инфляция 48 фоиздан ошиб кетди ва миллионлаб эронликларни муносиб ҳаёт кечириш умидидан маҳрум қилди.
Режимнинг темир мушти
Замонавий Эроннинг бирор бир раҳбари Али Хоманаий каби кўплаб ички намойишларга дуч келмаган. Бироқ Хоманаий уларнинг ҳар бирига ўзгармас тарзда — намойишкорона куч билан жавоб қайтарган. Мамлакат ичида у мухолифатни шафқатсизларча бостирадиган ва уни ватанга хиёнатга тенглаштирадиган тизим яратди. Унинг 36 йиллик бошқаруви даврида Эронни халқ қўзғолонлари ларзага келтирди, уларнинг хроникаси қуйидагича:
1999 йил “Талабалар исёни”: Хоманаий ҳокимиятининг илк жиддий синови. Теҳрон университетида ислоҳотчи газеталарнинг ёпилишига қарши бошланган норозиликлар оммавий тўқнашувларга айланиб кетди. Режим бунга ётоқхоналарга бостириб кириш ва оммавий ҳибслар билан жавоб берди.
2009 йил “Яшил ҳаракат”: Ўшанда миллионлаб эронликлар Теҳрон майдонларини тўлдириб, режимни президентлик сайловларини сохталаштиришда айбладилар. Натижада ўнлаб одамлар ўлдирилди ва мухолифат етакчилари ҳибсга олинди.
2017–2018 йиллар “Иқтисодий исёнлар”: Машҳадда озиқ-овқат нархлари туфайли бошланган норозиликлар тез орада 80 дан ортиқ шаҳарни қамраб олди. Илк бор шиорлар бевосита Раҳбарга қарши қаратилди: “Диктаторга ўлим!”.
2019 йил “Қонли ноябрь”: Бензин нархи туфайли бошланган намойишлар чоғида ҳукумат мамлакатда интернетни бутунлай ўчириб қўйди ва оломонга қарата ўт очди. Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, бир неча кун ичида 1500 га яқин киши ўлдирилган.
2022–2023 йиллар: Маҳса Аминийнинг ўлими сабаб бўлган қўзғолон Хоманаий мафкурасининг энг асосий пойдеворига зарба берди. Режим бунга ташкилотчиларни дорга осиш, оммавий қатллар ва намойишчиларга ўқ узиш билан жавоб қайтарди.
2025–2026 йиллар (Якуний тўлқин): Иқтисодиётнинг бутунлай касодга учраши натижасида юзага келган республика тарихидаги энг кенг кўламли қўзғолон бу. Ҳуқуқ ҳимоячилари (HRANA) маълумотларига кўра, 2026 йил январдаги тартибсизликларни бостириш чоғида 7000 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, ҳукумат эса 3000 дан зиёд фуқаро ўлимини тан олган.
Шахсий ҳаёт ва улим
1964 йилда Али Хоманаий Мансура Хўжаста Бағирзода билан турмуш қурган ва олти фарзанднинг отаси бўлган. Ғарбнинг “биринчи хоним”ларидан фарқли ўлароқ, унинг рафиқаси ўзини бутунлай оиласига ва фарзандлари тарбиясига бағишлаб, жамият учун деярли кўринмас бўлган, ниҳоятда ёпиқ ҳаёт тарзини олиб борди. Оммавий қиёфасида Ҳоманаий олий диний авторитет, давлат раҳбари ва ислом инқилоби рамзи ролларини уйғунлаштирган ҳолда, соддалик ва аскетизм дунё лаззатларидан воз кечишни алоҳида урғулар эди.
2026 йил 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Теҳронга берган қўшма зарбалари натижасида Хоманаий қизи, куёви ва набираси билан бирга ҳалок бўлди. Эрон конституциясига кўра, унинг вафотидан кейин мамлакатни вақтинчалик бошқариш Президент Масъуд Пезешкиан, суд ҳокимияти раҳбари Ғолом-Ҳусайн Моҳсени-Эжеи ва Конституцияни муҳофаза қилиш кенгаши аъзоларидан биридан иборат кенгашга ўтди.
Азиз Солиев
Live
Барчаси