Келишув яна бузилди. Эрон-Исроил бир-бирини бомбалаяпти
Таҳлил
−
08 июн 4742 7 дақиқа
Эрон 2,5 ойлик танаффусдан сўнг, Исроилга ҳужум қилди. Аввалроқ, Исроил якшанба куни эрта тонгда, АҚШ Ливанда тинчлик режасини эълон қилганига қарамай, Байрут ҳудудига зарбалар берган эди. 7 июнь куни Эрон бунга жавобан Исроилдаги объектларга 8 та баллистик ракета учирди. Тель-Авив буни уруш эълони деб баҳолади. Исроил миллий хавфсизлик вазири Бен-Гвир эса, “бу кеча Теҳрон ёнади” дея баёнот берган. Исроил томон учаётган ракеталар остида Теҳрон кўчаларида эронликлар бу ҳолатни байрамдек нишонлади. Уларнинг таъкидлашича, ушбу ракета зарбалари Исроилнинг Байрутга уюштирган аввалги ҳужумларига, шунингдек, АҚШ ва Исроил томонидан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувнинг бузилишига жавобан амалга оширилган. Исроил Мудофаа армияси Эроннинг ракета ҳужумларидан сўнг, жавоб зарбасини амалга оширганини маълум қилди.
Хўш, қарийб 2,5 ойлик танаффусдан сўнг, яна авж олган можаро қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Томонлар музокаралар столига қайта оладими ёки минтақа янги ҳарбий эскалация босқичига кириб бормоқдами?
Эрон Исроилни бомбардимон қилди
7 июнь куни Эрон Исроилнинг шимолий ҳудудларига бир неча тўлқинли ракета ҳужумларини амалга оширди. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Назарет яқинидаги Рамат-Давид авиабазасини нишонга олганини маълум қилди. Исроил Мудофаа Армияси (САҲАЛ) маълумотларига кўра, Эрон томонидан учирилган барча ракеталар ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида мудофаа тизимлари ёрдамида йўқ қилинган. Бироқ, унинг қолдиқлари Нахария ва Тиберия шаҳарларига тушгани ҳақида хабар берилган. Тармоқларда ҳам Эроннинг бир нечта ракетаси Исроил ҳудудига тушгани ва уни Темир гумбаз ушлаб қола олмаганини акс этган видеолар тарқалди.
Эрон расмийлари Исроил Байрут жанубидаги нишонларга зарба бериш орқали “барча қизил чизиқларни кесиб ўтганини” таъкидлади. Аввалроқ, Исроил Ливан пойтахтининг жанубида жойлашган “Ҳизбуллоҳ” объектларига зарба берганини маълум қилган эди. Ракета ҳужумларидан сўнг, Исроил армияси Бош штаби раҳбарияти душманга қарши қатъий жавоб қайтарилишини маълум қилди. Армия вакиллари Эрон “жиддий хатога йўл қўйганини” таъкидлади. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси эса, Исроил янада кучлироқ зарбаларга дуч келишини маълум қилди. Эроннинг Хатам ал-Анбия марказий қўмондонлиги Исроилни Ливан жануби ва Байрутнинг Даҳия ҳудудидаги ҳужумларини тўхтатишга чақирди. Баёнотда айтилишича, агар Исроил ушбу ҳудудлардаги ҳарбий ҳаракатларини кенгайтирса ёки Эроннинг ҳаракатларига жавоб қайтарса, “янада кучлироқ ва вайронкор зарбалар”га дуч келади ҳамда Исроил ва унинг иттифоқчиларига қарши ҳужумлар амалга оширилади.
Шунингдек, қўмондонлик Исроилни Ливан халқига қарши ҳужумларни кучайтиришда, халқаро ташкилотларнинг сукунати ва АҚШнинг қўллаб-қувватлаши фонида сулҳни бузишда айблади. Кечаси Исроилга қарши учирилган Эрон дронларида эса “Биз Ливанни тарк этмаймиз” деган шеърлар ёзилган.
“Бу операция бир марталик ҳаракат эмас, балки узлуксиз давом этадиган бир ҳафталик ҳужумларнинг бошланишидир. Кейинги етти кун давомида душман тўхтатилмагунча ва белгиланган мақсадларга эришилмагунча ракета ва дронлар тўлқини кеча-ю кундуз давом этади”, дейилади корпус баёнотида.
Эрон давлат телевидениесида Исроил томон учаётган ракеталар остида Теҳрон кўчаларида нишонланаётган байрам тантаналарини акс эттирувчи лавҳалар эфирга узатилган. Эрон расмийларининг таъкидлашича, ушбу ракета зарбалари Исроилнинг Байрутга уюштирган аввалги ҳужумига ҳамда АҚШ ва Исроил томонидан ўт очишни тўхтатиш келишувининг бошқа бузилишларига жавобан амалга оширилган. Бундан ташқари, Эроннинг Исроилга йўналтирган ракета зарбалари фонида Ливаннинг айрим ҳудудларида одамлар кўчаларга чиқиб, Эрон байроқларини кўтаргани видеоларда акс этган.
Халқаро нашрларнинг хабар беришича, Исроилнинг бир қатор ҳудудларида яшовчи аҳоли расмий кўрсатма берилмагунча бошпаналарни тарк этмасликка чақирилган. Шунингдек, Исроилдаги ўзбекистонликлар ҳам огоҳлантирилган. Кескинлик фонида хавфсизлик нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси фуқароларни эҳтиёткор бўлишга чақирди. Хавфсизлик мақсадида ҳимояланган жойларга яқин ҳудудда бўлиш, ҳаво ҳужуми ҳақида сигнал ёки сирена янграганда зудлик билан бошпаналарга кириш ҳамда расмий рухсат берилмагунча уларни тарк этмаслик тавсия этилади.
Ҳужумлар фонида Исроил Тель-Авивдаги Бен-Гурион халқаро аэропорти фаолиятини вақтинча тўхтатди. Қатар ҳам ҳаво ҳудудини ёпган, кейинроқ Эрон ҳам ҳаво ҳудудини ёпгани маълум қилинди. Исроил миллий хавфсизлик вазири Бен-Гвир эса, “бу кеча Теҳрон ёнади” дея баёнот берган.
Исроил ҳам Эронга жавоб зарбаларини йўллади
Исроил ҳам Эронга жавоб зарбаларини йўллади. Исроил Мудофаа кучлари Эроннинг ғарбий ва марказий ҳудудларидаги ҳарбий объектларга зарба берди. Теҳрондаги Меҳробод халқаро аэропорти ҳам зарбалар остида қолди. Теҳрон, Караж, Табриз, Урмия, Кирмоншоҳ, Нажафобод ва Шероз шаҳарларида портлашлар эшитилган.
Шунингдек, Ироқ пойтахти Бағдодга ҳам ҳужум қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Исроил армияси ҳаво кучлари Эрон ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба бераётганини маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Эрон жануби-ғарбидаги Маҳшаҳр шаҳрида жойлашган нефть-кимё корхонасидан Исроил ҳаво ҳужуми натижасида тутун кўтарилганини кўриш мумкин.
Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Эрон билан кескинлашиб бораётган қарама-қаршиликлар фонида маҳаллий вақт билан соат 11:00 да хавфсизлик маҳкамаси йиғилишини ўтказади. Қайд этилишича, йиғилиш кун тартибининг асосий мавзуси Исроил ва Эрон ўртасидаги тобора кучайиб бораётган зиддият ҳамда хавфсизлик билан боғлиқ масалалар бўлиши кутилмоқда.
Трамп Исроилни огоҳлантирди
Трамп Исроилнинг Байрутга уюштирган ҳужумларидан норози. АҚШ Президенти Дональд Трамп “Axios” нашрига берган интервьюсида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхудан жавоб ҳужумларини тўхтатишни сўраш нияти борлигини маълум қилди. Унинг фикрича, бу эҳтимолий АҚШ-Эрон келишувини сақлаб қолиш учун муҳим ҳисобланади.
Халқаро нашрларнинг хабар беришича, Трамп Нетаньяхуга АҚШ Эрон билан эришадиган ҳар қандай келишувни қабул қилишдан бошқа чораси йўқлигини айтган.
“Нетаняхунинг бошқа танлови йўқ. Қарорларни мен қабул қиламан. Барча қарорларни мен қабул қиламан. Нетаньяху қарор қабул қилмайди,” – деди Трамп.
Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, Эроннинг сўнгги ҳужумлари эҳтимолий келишувга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган. “Fox News” хабарига кўра, Трамп Эронга ҳам мурожаат қилиб, “Етарли. Музокаралар столига қайтинг,” деган. Шунингдек, у Исроилнинг Байрутга берган зарбаларидан норозилигини ҳам билдирди.
Урушни тўхтатишга қаратилган АҚШ–Эрон музокаралари бошланганидан бери Исроил Ливанда “Ҳизбуллоҳ” билан урушни давом эттирмоқда. Исроил расмийлари бу масала Эрон билан тузилган ҳар қандай ўт очишни тўхтатиш шартномасидан алоҳида кўриб чиқилиши кераклигини таъкидламоқда. Теҳрон эса, ҳар қандай тинчлик шартномаси Ливанда ҳам ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилинишига боғлиқ бўлишини таъкидлаб келмоқда.
Эрон ҳаво ҳудудини, Исроил эса мактабларини ёпди
Яқин Шарқда кескинлик кескин ортгани сабабли Эрон ўз ҳаво ҳудудини бутунлай ёпди, Исроил эса, хавфсизлик ҳолати ёмонлашгани сабабли бутун мамлакат бўйлаб мактабларда дарсларни бекор қилди. Эрон фуқаро авиацияси ташкилоти мамлакат ҳаво ҳудуди барча фуқаро рейслари учун тўлиқ ёпилганини маълум қилди. Ушбу қарор эҳтимолий ҳарбий таҳдидлар ва юқори тайёргарлик ҳолати фонида қабул қилинган. Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Исроил расмийлари яқин соатларда вазият янада кескинлашиши мумкинлигини, шу сабабли бутун мамлакат бўйлаб таълим муассасалари – болалар боғчалари, мактаблар ва ёзги таълим дастурлари бутунлай тўхтатилганини эълон қилди. Бу камдан-кам учрайдиган кенг кўламли чора бўлиб, хавфсизлик хавфи юқори эканлигини кўрсатади. Эрондан сўнг, Ироқ ҳам ўз ҳаво ҳудудини вақтинча ёпиб, ҳаво қатновини тўхтатди. Фуқаро авиацияси вакиллари хавфсизлик сабабларини келтиришди. Ироқ авиация бошқармаси тақиқ 72 соат давом этишини маълум қилди. Сурия ҳам ўзининг жанубий ҳаво ҳудудини 12 соатга ёпди ва Дамашқ аэропорти фаолиятини тўхтатди.
Live
Барчаси