АҚШ Қорақалпоғистонга гуманитар ёрдам юборди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов бошчилигида ўзбек дипломатлари Вашингтон штатининг Сиэтл шаҳрида Қорақалпоғистон аҳолиси учун Американинг “Project C.U.R.E.”  компанияси томонидан  ташкил этилган  хайрия лойиҳаси доирасида биринчи гуманитар ёрдамни юбориш маросимида қатнашди.

Элчихона маълумотига кўра, тадбирда “Boeing” компанияси вице-президенти Монта Фрэйзер, “Project C.U.R.E.” нодавлат ташкилоти президенти Дуглас Жексон ва ушбу ННТнинг хорижий ҳукуматлар билан ишлаш бўйича директори Мелиса Эспости иштирок этган.

Мазкур тадбир Қорақалпоғистонга гуманитар ёрдам ташкил қилиш доирасида “Project C.U.R.E.” ва “Boeing” билан ҳамкорликда уюштирилган. Юк таркибини қиймати 3 миллион долларлик тиббиёт буюмлари ва жиҳозлари, сунъий шамоллатиш мосламаларини ўз ичига олган 40 футлик ўнта контейнер ташкил қилган. Келишувлар 2019 йилда элчихона раҳбари ва “Project C.U.R.E.” президенти Дуглас Жексон билан ташкилотнинг Вест-Груве (Пенсильвания) ва Хьюстон (Texaс) шаҳарларидаги омборларига ташриф чоғида эришилган эди.

Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги сўровига биноан “Project C.U.R.E.” томонидан Сиэтлда шакллантирилган гуманитар юкнинг биринчи жўнатмаси қарийб 6 тоннага тенг. Ушбу юкни Канзас-ситидан Сиэтлга (3 минг километр) Пенсильвания штатидаги ўзбеклар диаспораси фаолларидан бири, логистика компанияси асосчиси Аҳмаджон Одилов беғараз амалга оширди. Бундан ташқари, АҚШдаги ватандошлар томонидан асос солинган “Give to Get International” хайрия ташкилоти кўмагида мустақил экспертларнинг Қорақалпоғистондаги тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжларини баҳолаш бўйича харажатлари тўланди.

Шунингдек, Монта Фрэйзер “Boeing”нинг Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорликни давом эттиришга содиқлигини тасдиқлаган ҳолда “Project C.U.R.E.” лойиҳасига  100 минг доллар миқдоридаги чек топширди.  Ушбу маблағ Оролбўйи аҳолиси учун навбатдаги гуманитар ёрдамни етказишни молиялаштириш учун ишлатилади.

Гуманитар ёрдам бугун, 5 май куни Тошкентдан Нукус шаҳрига етказилади. Тиббий жиҳозлар билан таъминланган навбатдаги тўртта контейнердаги инсонпарварлик юки ёз фасли охирига қадар Оролбўйи минтақасига юборилади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Қорақалпоғистон Оролбўйи

Баҳолаганлар

350

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг