Нукусда спиртли ичимликлар ишлаб чиқарган яширин цех топилди

Crime

−

image

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманида ноқонуний равишда спиртли ичимликлар ишлаб чиқараётган яширин цех аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Нукус тумани бўлими бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Унда фуқаро О.А. “Анҳорли” МФЙ ҳудудидаги хонадонлардан бирида яширин цех ташкил этиб, қўлбола усулда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқараётгани аниқланган.

Тадбир давомида хонадондан 44 573 дона штрих-код, 12 346 дона қалбаки акциз маркаси, 5 062 дона қопқоқ, истеъмолга яроқсиз 1 022 дона алкоголь маҳсулоти, 237 литр спирт ҳамда ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа воситалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш ва уларни ўтказиш) ҳамда 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган ва Тошкент вилоятларида тегишли лицензия ва ҳужжатларсиз дори воситаларини сотиш билан шуғулланган шахслар ушлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends