Қорақалпоғистонда 100 минг гектар яйлов дронлар ёрдамида тикланади
Local
−
10:18 635 2 minutes
Қорақалпоғистонда яйловларни ўзлаштириш ва чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш учун “Бўзатов агростар” компанияси ташкил этилади. Компания 2030 йил якунига қадар 100 минг гектар яйлов майдонига чўл ўсимликлари уруғларини дронлар ёрдамида экишни таъминлайди. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 5 ноябрь кунидаги “Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, жорий йилнинг 15 ноябрдан бошлаб “Халқ банки” томонидан “Uzagrostar xolding” компанияси таъсисчилигида алоҳида “Бўзатов агростар” компанияси ташкил этилади.
Янги компания чўл-яйлов ўсимликлари уруғларини гранулалаш, капсулалаш ва учувчисиз учиш аппаратлари – дронлар ёрдамида экиш ишларини амалга оширади.
Бунинг учун 10 та дрон, уларни ташишга мўлжалланган махсус автотранспорт воситалари ҳамда иккита гранулятор харид қилинади. Шунингдек, мутахассислар дронларни бошқариш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича махсус курсларда ўқитилади.
2030 йилнинг якунига қадар 100 минг гектар яйлов майдонида қандим, черкез, чўғон, балиқкўз, донашўр, шувоқ, изен ва бошқа чўл-яйлов шароитига мос ўсимликлар уруғлари дронлар ёрдамида экилади.
Шунингдек, қарор билан Қорақалпоғистонда 2022 йил 1 январдан 2023 йил 15 апрелгача очиқ электрон танловлар орқали ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ер участкалари бўйича қўшимча тўловларга имтиёз берилади.
Унга кўра, қўшимча тўловларнинг умумий миқдори ер участкасининг норматив қийматидан тўрт баравар ёки ундан юқори бўлган ижарачиларга ушбу тўловнинг норматив қийматнинг бир бараварига тенг қисмини уч йил давомида фоизсиз бўлиб тўлашга рухсат этилади.
Live
All