АҚШ Исроилнинг Ғазодаги ҳужумини қўллаб-қувватлади
Олам
−
16 Сентябрь 2025 4700 2 дақиқа
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга Вашингтон Исроилнинг Ғазодаги ҳужумини қўллаб-қувватлаши, бироқ уни тез ва қисқа муддатда якунлаш кераклигини билдирган. Бу ҳақда Рубио кеча, 15 сентябрь куни Исроил раҳбарияти билан учрашувида сўз очган.
“Рубио Нетаньяхуга Трамп маъмурияти Исроилнинг қуруқликдаги операциясини қўллаб-қувватлаши, бироқ унинг тезкор амалга оширилишини айтди”, дейилади “Axios” хабарида.
Шу билан бирга, америкалик расмийлардан бири Қўшма Штатлар Исроилни тўхтатмаслигини ва қарорни ўзи қабул қилишига имкон беришини таъкидлаган.
“Бу Трампнинг уруши эмас, бу Нетаньяхунинг уруши ва бундан кейинги барча оқибатлар учун у жавобгар бўлади”, деган расмийлардан бири.
Нашрнинг ёзишича, сўнгги ҳафталарда Исроил мудофаа армияси Ғазога ҳужумларни кучайтириб, шаҳарда яшовчи фаластинликларни жанубга кўчишга даъват этмоқда. Маълумотларга кўра, Ғазода яшовчи 1 миллион аҳолининг 300 мингга яқини Ғазони тарк этган.
Фаластинлик расмийлар “Al Jazeera” нашрига Ғазога қилинган ҳаво ҳужумлари ҳақида хабар берган. Нашрнинг ёзишича, шаҳарга танклар киритилган. Маълумотга кўра, зарбалар нафақат Ғазода, балки Исроилнинг марказида ҳам эшитилган. Бу эса ҳудудга уюштирилаётган зарбаларнинг нақадар кучли эканини яққол кўрсатиб беради.
ОАВнинг ёзишича, Исроил армияси 20 дақиқа ичида 37 марта зарба берган, улардан айримлари жанговар вертолётлардан амалга оширилган.
Ғазони босиб олиш қарори август ойи бошида қабул қилинган эди. Бироқ айрим юқори лавозимли исроиллик ҳарбийлар, жумладан, Бош штаб бошлиғи Эяль Замир бунга қарши чиққан, кейинчалик эса режа амалга оширилишини маъқуллаган.
Армия маълумотига кўра, Исроил қўшинлари шаҳар чеккаларини аллақачон назоратга олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Қатарга берилган зарбадан сўнг Исроилга борганди. Ташриф давомида Рубио Исроилнинг Қатардаги ҲАМАС қароргоҳига берган зарбаларидан Оқ уй норози эканини билдирган.
Live
Барчаси