Қатарга берилган зарбадан сўнг Рубио Исроилга борди
Олам
−
14 Сентябрь 2025 6646 2 дақиқа
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроилга борди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.
Унинг Бен Гурион аэропортига етиб келгани тасвирлари Кан давлат телерадиокомпанияси томонидан эфирга узатилган.
Кечқурун Рубио Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан учрашиши кутилмоқда. АҚШ Давлат департаменти аввалроқ Давлат котиби Ғазодаги босқинчилик ва қирғин, у ерда гаровга олинганларни қайтариш ва Исроилда Фаластин давлатчилигининг тан олинишига қарши чиқишларни муҳокама қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди.
Рубио 9 сентябрь куни Исроилнинг Қатарга берган авиазарбалари ортидан ташриф буюрган. Исроил томонининг мақсади Қатар пойтахтида бўлган Фаластин ҲАМАС ҳаракати етакчиларини йўқ қилиш эди. Телеканал операцияни муваффақиятсиз деб атаган. Исроил томони ҳозирча зарбалар оқибатларига расман изоҳ бермади, фақат улар амалга оширилгани ва халқаро ҳамжамият томонидан кенг кўламда қораланган операция учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани ҳақида гапирди.
Давлат котиби Исроилга ташрифидан сўнг 16-18 сентябрь кунлари Буюк Британияга иккинчи давлат ташрифи билан АҚШ Президенти Дональд Трамп делегациясига қўшилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 сентябрь куни Исроил ҳарбийлари ҳусийлар назоратида бўлган Яман пойтахти, Сана шаҳрига ҳам ҳаводан зарба берганди. 29 август куни қилинган ҳаво ҳужуми оқибатида эса Ямандаги ҳусийлар ҳаракати томонидан тузилган ҳукумат бош вазири Аҳмад Ғолиб ал-Раҳавий ҳалок бўлганди. Аҳмад Ғолиб ал-Раҳавий 2024 йил 10 августда ҳусийлар ҳукумати раҳбари этиб тайинланган эди.
Live
Барчаси