АҚШ Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди
Олам
−
15 Октябрь
7716АҚШ агар Ғазо секторидаги гуманитар инқироз ноябрь ўрталарига қадар ҳал қилинмаса, Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишини маълум қилди. Бу ҳақда америкалик расмийларнинг мактубига таяниб, N12 телеканали хабар берди.
“Қўшма Штатлар Исроилга аниқ хабар юборди: Ғазо секторидаги гуманитар инқироз бир ой ичида ҳал қилиниши керак, акс ҳолда қурол эмбаргоси жорий этилади. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Мудофаа вазири Ллойд Остин кеча вазирлар Рон Дермер ва Йоав Галантга ушбу талабни баён этган ҳужжатни топширди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, АҚШ маъмурияти Ғазодаги ёмонлашаётган гуманитар вазиятдан хавотирда. Вашингтон бу ҳолатни ўзгартириш учун зудлик билан чоралар кўришни талаб қилмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг сентябрь ойида март ойидан бери Ғазога энг кам гуманитар юклар юборилган.
Маълумот учун, ушбу баёнот АҚШ ҳарбийлари томонидан бошқариладиган THAAD юқори баландликдаги ва трансатмосферавий ракеталарга қарши мудофаа тизимларини Исроилда жойлаштириш ҳақидаги қарор фонида янгради. THAAD комплекси баллистик ракеталарни тутиб олиш қурилмаси бўлиб, у Исроилга Эрондан эҳтимолий ҳужумларни муваффақиятли қайтаришга ёрдам беради.
Исроил доимий равишда Ғазо секторига гуманитар юкларни етказиш учун тўсқинлик қилганликда айбланиб келмоқда. Бироқ яҳудий давлати бу айбловларни рад этиб, бир йил ичида Фаластин анклавига 900 минг тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам киритилгани тўғрисида ҳисоботлар эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ суриштируви Исроилни ҲАМАС билан бир йиллик низо давомида Ғазодаги соғлиқни сақлаш тизимини атайлаб йўқ қилиш сиёсатини юритишда айблаган эди.
LiveБарчаси