АҚШ Исроил-Эрон урушида THAAD ракеталарининг тўртдан бирини йўқотди
Олам
−
29 Июль 4231 2 дақиқа
АҚШ жорий йилнинг июнь ойида Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик ҳарбий тўқнашув давомида замонавий THAAD ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарининг тахминан 25 фоизини сарфлаб бўлди. Бу ҳақда ўз манбаларга таяниб, CNN хабар берди.
Қайд этилишича, Қўшма Штатлар 100 дан 150 тагача ракетани ишлатган. Бу эса ишлаб чиқариш тезлигидан анча юқори. Ўтган йили АҚШ атиги 11 та ракета харид қилган, жорий йилда яна 12 таси олинади. 2026 йилда эса 37 та ракета сотиб олиш режалаштирилган. Ҳар бир THAAD ракетаси тахминан 12,7 миллион доллар туради.
Маълумот учун, THAAD – бу мобил тизим бўлиб, у Ер атмосфераси ичида ҳамда ундан ташқарида, парвознинг якуний босқичида қисқа ва ўрта масофали баллистик ракеталарни уриб тушириш қобилиятига эга. АҚШ арсеналида жами 7 та THAAD комплекси мавжуд бўлиб, уларнинг иккитаси ушбу можарода Исроилда қўлланган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Эронни ядровий таҳдидда айблаб, 13 июнь тонгида биринчи зарбани берган эди. Орадан 17 соат ўтиб Эрон жавоб зарбасини йўллади ва шундан сўнг томонлар ракета ҳужумларини давом эттирди. 22 июнь кечаси АҚШ Исроилга ёрдам сифатида Эроннинг ядровий объектларига зарба берди. 23 июнь оқшомида АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ва Исроил тўлиқ ва ҳар томонлама ўт очишни тўхтатишга рози бўлганини эълон қилди.
Live
Барчаси