АҚШ Ғазо секторига озиқ-овқат етказиб бермоқчи
Олам
−
10 Май 3385 2 дақиқа
АҚШ Ғазо секторида озиқ-овқат етказиб бериш ва тақсимлашнинг янги схемаси тез орада ишга туширилишини эълон қилди. Бу ҳақда “Euro News” хабар берди.
Қўшма Штатлар Ғазо сектори аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича янги режани эълон қилган. АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакаби янги схема тез орада ишлай бошлашини айтган.
Дипломатнинг баёнотига кўра, бу стратегия Исроилнинг тўғридан тўғри иштирокини истисно қилади.
“Гарчи Исроил армияси ҳарбий хавфсизликни таъминлашда роль ўйнасада, Исроил кучлари озиқ-овқат тақсимотида ёки уни Ғазога етказиб беришда иштирок этмайди,” деган Хакаби.
Маълум қилинишича, БМТ инсонпарварлик ёрдами “сиёсий босим” воситасига айланишидан қўрқиб, АҚШнинг лойиҳасида иштирок этишдан бош тортган.
Қайд этилишича, гуманитар ёрдам Ғазога озиқ-овқат етказиб беришдан бошқа ҳеч нарсага боғлиқ бўлмайди.
ОАВ хабарига кўра, Ғазо секторида яна тақчиллик ва озиқ-овқат нархларининг кескин ўсиши кузатилмоқда.
Америка режасига кўра, ёрдамни етказиб бериш ва тақсимлаш на Исроилга, на БМТга боғлиқ бўлади. Исроил ҳарбийлари топшириш пунктларини қўриқлайди, аммо бутун логистика хусусий пудратчилар ва нодавлат ташкилотлар қўлида тўпланади.
Маълумот учун, жорий йил январь ойида Исроил ва ҲАМАС Миср, Қатар ҳамда АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолаган эди. Бироқ Исроил 18 март куни Ғазо секторига зарбалар беришни қайта бошлади. Ушбу қарор ҲАМАС Исроил асирларини озод қилишдан бир неча бор бош тортгани ва барча таклифларни рад этгани сабабли қабул қилингани билан изоҳланди. Қолаверса, шу кунга қадар Исроилнинг Ғазога қарши уруши оқибатида камида 52 495 фаластинлик ҳалок бўлди, 118 366 нафари яраланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг қамали туфайли Ғазода беш ёшгача бўлган болаларнинг 290 мингга яқини ўлим ёқасида қолаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси