АҚШ Давлат котибининг ҳаракатлари Эрдўғанни ғазаблантирди
Олам
−
14 Октябрь 2023
18808Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенни Исроилга сиёсий позициядан эмас, балки миллатига қараб ёндашганликда айблади.
“АҚШ Давлат котиби менинг Ташқи ишлар вазирим билан музокаралар олиб бормоқда. У Исроилга давлат котиби сифатида эмас, балки яҳудий миллати вакили сифатида ёндашишини маълум қилган. Бу қандай сиёсатчи, бу қандай ёндашув? Агар улар минтақага мусулмонлар сифатида ёндашишларини айтишса, нима деб жавоб берган бўлардингиз?”, дейди Эрдўған Истанбулда ўтган Туркия-Африка бизнес форумининг ёпилиш маросимида.
Туркия етакчисининг сўзларига кўра, одамга динига қараб эмас, балки инсонийлик нуқтаи назаридан мурожаат қилиш керак.
Эрдўған, шунингдек, октябрь ойи бошида Сурияда Туркиянинг учувчисиз самолётини уриб туширгани учун АҚШни кескин танқид қилди. Бундай ҳаракатларни стратегик шериклик руҳини бузиш, деб атади.
“Биз ва Америка Қўшма Штатлари НАТО блокига аъзо эмасмизми? Қўшма Штатлар бизнинг дронимизни уриб туширди, буни қандай тушуниш мумкин? Ўртамизда хавфсизлик муаммоси бор, бундай ҳаракатлар стратегик шериклик руҳига зид”, дейди у.
Эрдўған Яқин Шарқда тинчликка фақат Фаластин мустақиллиги орқали эришиш мумкинлигини таъкидлаб келади.
Жумладан, 11 октябрь куни Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламент)даги чиқиши вақтида Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа ташкилотлар Фаластин халқини ёлғиз қолдиргани, ваъдасининг устидан чиқмагани ва фаластинликларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаганига алоҳида тўхталиб ўтди.
Туркия раҳбари Австрия канцлери Карл Нехаммер билан Анқарада бўлиб ўтган учрашувда Фаластин фожиасига тўхталар экан, Америка ҳозирда барча террорчи ташкилотларни тайёрлаётгани, ўқитаётгани ва қуроллантираётганини урғулади.
LiveБарчаси