АҚШ Афғонистонга ёрдам бермаяпти
Олам
−
06 Сентябрь 4764 4 дақиқа
Афғонистонда 2200 дан ортиқ одамнинг ўлимига ва ўн минглаб кишиларнинг уйсиз қолишига сабаб бўлган зилзиладан деярли бир ҳафта ўтганига қарамай АҚШ ҳанузгча фавқулодда ёрдам бериш учун зарур илк қадамни қўймади. Бу ҳақда икки нафар собиқ, юқори мартабали АҚШ амалдори ва вазиятдан хабардор бир манбага таяниб, “Reuters” хабар берди.
Вашингтоннинг Афғонистондаги сўнгги йиллардаги энг ҳалокатли зилзилалардан бирига ҳеч қандай муносабат билдирмагани манбалар ва собиқ амалдорларнинг таъкидлашича, Президент Дональд Трампнинг ташқи ёрдамни кескин қисқартириши ва асосий АҚШ Ташқи ёрдам агентлигини ёпиши орқали унинг дунёдаги офатларга ёрдам кўрсатишдаги кўп йиллик етакчилигидан воз кечганини кўрсатади.
АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) 2 сентябрь куни расман ёпилди. АҚШ Давлат департаменти 1 сентябрь куни X ижтимоий тармоғида Афғонистонга “чин юракдан ҳамдардлик” билдирди.
Бироқ 5 сентябрга келиб ҳам Давлат департаменти гуманитар эҳтиёж тўғрисидаги декларацияни тасдиқламади. Бу АҚШнинг фавқулодда ёрдам кўрсатишини қонунийлаштириш учун илк қадам ҳисобланади. Собиқ USAID амалдорлари ва учинчи манбанинг айтишича, бу декларация катта офатлардан сўнг одатда 24 соат ичида чиқарилади.
Манбаларга кўра, Давлат департаменти Афғонистонга ёрдам бериш тавсияларини кўриб чиққан. Собиқ юқори мартабали амалдорлардан бири айтишича, масала Оқ уйда ҳам муҳокама қилинган, аммо Афғонистонга ёрдамни тўхтатиш сиёсати қайта кўриб чиқилмаган.
Давлат департаменти вакилидан магнитудаси 6 балл бўлган 31 августдаги зилзила ва 4-5 сенябрь содир бўлган кучли такрорий тебранишдан кейин АҚШ Афғонистонга ёрдам бериши ҳақида сўралганда “Ҳозирча эълон қиладиган янгилик йўқ”, деб жавоб берган.
АҚШ шу йилгача Афғонистоннинг энг йирик "донори" эди. Бу ерда у 20 йил давомида уруш олиб борди ва 2021 йилда “Толибон”нинг Қобулни эгаллаши орқали катта тартибсизлик билан чиқиб кетди. Бироқ апрель ойида Трамп маъмурияти Афғонистонга деярли барча ёрдамни – жами 562 миллион долларни тўхтатди. Сабаб сифатида АҚШ ҳисоб палатасининг ҳисоботи кўрсатилди, унда гуманитар ташкилотлар АҚШ ёрдами орқали олинган маблағдан 10,9 миллион долларни “Толибон”га солиқ, бож ва йиғим сифатида тўлагани айтилган.
Оқ уй расмийсидан кучли зилзиладан жабрланганларга ёрдам ҳақида сўралганда, у шундай жавоб берди:
“Президент Трамп “Толибон” ҳукумати қўлига ёрдам тушмаслигини қатъий таъминлаб келмоқда. Улар ҳануз АҚШ фуқароларини ноқонуний равишда ушлаб туришда давом этмоқда”.
“Омборларда қотиб қолган”
БМТнинг гуманитар ишлар бўйича раҳбари Том Флетчер Афғонистондаги зилзилани “гуманитар фаолият учун маблағлар қисқаришининг нархини очиққа чиқарган сўнгги кризис” деб атади.
“Катта молиявий қисқартиришлар миллионлаб одамлар учун соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат хизматларини тўхтатди, кўпинча чекка жамоалар учун ягона ҳаётий боғлиқ восита бўлган самолётларни ерга қўндиради ва ёрдам ташкилотларини ўз фаолиятини қисқартиришга мажбур қилди”, деди у.
Трамп маъмурияти, шунингдек, Халқаро қутқариш қўмитасининг илтимосига ҳам жавоб бермади. У Афғонистонга АҚШ маблағлари эвазига олинган 105 минг долларлик тиббий асбоб-ускуналарни жўнатишни сўраган эди. Бу асбоблар орасида стетоскоплар, биринчи тиббий ёрдам воситалари, носилка ва бошқа зарур жиҳозлар бор.
“Бу захиралар омборларда қотиб қолган. АҚШ шундай инқирозга жавоб бермаган вақт бўлганини эслай олмайман”, дейди Халқаро қутқариш қўмитасининг сиёсат ва адвокатлик бўйича вице-президенти Келли Раззук.
Унинг айтишича, асбоблар бошқа бир АҚШ гранти ҳисобидан олинган, аммо бу грант Трамп маъмурияти томонидан бекор қилингани сабабли уларни Афғонистонга юбориш учун Вашингтондан алоҳида рухсат олиш зарур.
“Ўлимлардан ташқари биз асосий инфратузилма ва тирикчилик воситалари йўқ қилинганини ҳам кўрдик”, дейди БМТ тараққиёт дастурининг Афғонистондаги вакили Стивен Родригес.
Родригеснинг қўшимча қилишича, Британия, Жанубий Корея, Австралия, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Туркия ва бошқа давлатлар пул, мол ва хизмат кўринишида ёрдам жўнатган.
“Бироқ ҳали жуда кўп керак”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Афғонистоннинг Кунар ва Нангарҳор вилоятларида содир бўлган зилзила оқибатида кўплаб одамлар ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани муносабати билан Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати раҳбариятига ҳамдардлик билдирганди.