АҚШ ҳам Озарбайжон самолётининг ҳалокатида Россияни айблаяпти
Олам
−
28 Декабрь
2589Баъзи дастлабки белгилар Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг самолёти Россия ҳаво мудофаа тизими таъсирида қулагани эҳтимолини кўрсатмоқда. АҚШда бу бўйича тегишли разведка маълумотлари мавжуд. Бу ҳақда кеча, 27 декабрь куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди.
Кирби тергов давом этаётганига ишора қилиб, батафсил маълумот беришдан бош тортган. АҚШда бундай хулосага келишга ёрдам берган разведка маълумотлари борми ёки Вашингтон фақат қулашни визуал баҳолашга асосланган мутахассисларнинг тахминларига таянадими деган саволга Кирби “ҳа” деб жавоб берган, аммо қўшимча маълумот тақдим этишдан бош тортган.
Шу билан бирга, икки нафар америкалик ҳарбий амалдорнинг NBC News телеканалига маълум қилишича, АҚШда россияликларнинг Озарбайжон йўловчи самолётини нотўғри идентификация қилиб, уни дрон деб ўйлагани сабабли ҳаво мудофаа тизимидан фойдаланганига оид разведка маълумотлари бор. Уларнинг сўзларига кўра, бу самолётнинг нотекис парвоз траекторияси ва баландлиги туфайли юзага келган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, улар тергов ҳали давом этаётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 25 декабрь куни эрталаб Embraer 190 самолёти ҳалокатга учраганди. Баку шаҳридан Грознийга йўл олган самолёт нооддий вазият сабабли Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига йўналган ва аэродромдан 3 км узоқликда қулаб тушган. Самолёт бортидаги 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган. Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.
LiveБарчаси