Африканинг яна бир давлатида тўнтариш содир бўлди (видео)
Олам
−
30 Август 2023
16089Габонда ҳарбий тўнтариш содир бўлди. Бу ҳақда “Reuters” ахборот агентлиги хабар берди.
Бир гуруҳ юқори мартабали ҳарбийлар “Gabon 24” телеканалида пайдо бўлиб, энди улар Марказий Африкадаги давлатга раҳбарлик қилишини эълон қилган. Шунингдек, улар ҳокимият институтларининг тарқатилишини маълум қилган.
Айтиш жоизки, мазкур тўнтариш Габон Сайлов комиссияси Президент Али Бонго учинчи бор президентлик сайловларида ғалаба қозонганини эълон қилганидан кейин содир бўлган. Исёнчилар овоз бериш натижаларини тан олмаслигини айтди.
Ҳозир Габон пойтахти Либревилда отишма овозлари эшитилмоқда.
Маълумот учун, 2009 йилдан буён Габонни бошқариб келаётган 64 ёшли Президент Али Бонго Ондимба сайловларда 64,27 фоиз овоз олиб, шу тариқа учинчи муддатга қайта сайланган. Унинг асосий рақиби, иқтисод профессори Алберт Ондо Осса, расмий маълумотларга кўра, 30,77 фоиз овоз тўплаган. Мухолифат президентни қонунбузарликда айбламоқда.
Президент оиласи мамлакатни 56 йилдан бери бошқариб келади – 1967 йилдан буён аввалги давлат раҳбари унинг отаси Омар Бонго эди.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакатнинг бой нефть захираларига қарамай, Габон аҳолисининг учдан бир қисми қашшоқлик чегарасида яшайди.
Овоз бериш халқаро кузатувчилар иштирокисиз, бутун давлат бўйлаб комендантлик соати ва интернетга кириш тўхтатилган ҳолда ўтказилган. Айрим сайлов участкалари жуда кеч очилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида Нигерда ҳам давлат тўнтариши бўлганди. Президент Муҳаммад Базум ҳокимиятдан ағдарилиб, генерал Абдураҳмон Чиани бошчилигида “Ватанни қутқариш миллий кенгаши” ташкил қилинди. Базумнинг ағдарилиши БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқи томонидан қораланган. Ғарбий Африка Давлатлари Иқтисодий Ҳамжамиятининг (ECOWAS) аъзолари Нигерда ҳарбий операцияга тайёргарлик кўраётганини айтди.
LiveБарчаси