Шаҳзода футбол сабаб қироллик тахтидан воз кечди

Спорт

image

Уганданинг Торо қироллигида янги қиролни танлаш жараёни кутилмаган вазият туфайли инқирозга юз тутди. Қирол Ойо Ньимба Кабамба Игура Рукиди IV нинг вориси этиб сайланган Жорж Десмонд Камураси футбол сабаб тахтдан воз кечди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Манбага кўра, Камураси қироллик тахтини қабул қилмаслигини ва футболчилик фаолиятини давом эттиришни хоҳлашини маълум қилган. 36 ёшли Камураси Англиянинг тўққизинчи дивизионида иштирок этадиган Лондоннинг “Се Донс” клуби сардори ва дарвозабони ҳисобланади.

У 21 нафар аъзодан иборат қироллик ворислиги қўмитасининг асосий номзоди эди. Овоз беришда иштирок этган 18 аъзонинг 15 нафари унинг номзодини қўллаб-қувватлаган. Бироқ Камураси бошқа мажбуриятлари борлигини билдириб, тахтни қабул қилишдан бош тортган.

Уганда оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Камурасининг Лондонда оиласи бор. Шунингдек, у ўз жамоасининг ўйини сабабли қирол Ойонинг дафн маросимида ҳам иштирок этишни истамаган.

Маълумот учун, Торо қироллиги – Африканинг шарқида, ҳозирги Уганда ҳудудининг ғарбий қисмида жойлашган анъанавий қироллик бўлиб, унинг маркази Форт-Портал шаҳри ҳисобланади. Ушбу қиролликка 1830 йилда Буньоро-Китара қироллигидан ажралиб чиққан шаҳзода Кабийо Кабигени томонидан асос солинган. Қиролликнинг асосий аҳолисини руторо тилида сўзлашувчи баторо халқи ташкил этади, унинг олий ҳукмдори эса анъанага кўра Омукама деб аталади. XIX аср охирида Британия протекторати таркибига киритилган Торо ўз мухториятини сақлаб қолган бўлса-да, 1967 йилда Уганда президенти Милтон Оботе томонидан мамлакатдаги бошқа анъанавий монархиялар сингари бекор қилинган. 1993 йилда Уганда ҳукумати томонидан қироллик мақоми қайта тикланган ва бугунги кунда у сиёсий ҳокимиятга эга бўлмаса-да, ўз халқининг тарихий, маданий ва маънавий меросини сақлаб келувчи рамзий муассаса сифатида фаолият юритади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг