Футболчи воз кечган тахтга телебошловчи ўтирди

Олам

−

image

Уганданинг Торо қироллигида собиқ телебошловчи Эдвард Рукиди Кижанангома янги қирол сифатида тахтга ўтирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, 56 ёшли Кижанангома кеча, 29 сентябрь куни ўтказилган анъанавий маросимда Эдвард Рукиди Ньябонго I номини олган. У август ойида 34 ёшида саратон касаллигидан вафот этган қирол Ойо Ньимба Кабамба Игуру Рукиди IV нинг ўрнини эгаллаган.

Янги қиролни Баторо халқининг ҳукмрон Бабиито уруғидан 21 кишидан иборат қўмита танлаган. Кижанангома марҳум қиролнинг амакиваччаси ҳисобланади. Бироқ тахт ворислиги масаласида келишмовчилик юзага келган. Ойо Ньимбанинг онаси Бест Кемигиса ва синглиси малика Рут Комунтале марҳум қиролнинг ёш ўғли борлигини ва унинг васиятида бола тахт вориси сифатида кўрсатилганини билдирган.

Бабиито уруғи раҳбари Чарлз Кайондо Камураси эса улар тилга олаётган боланинг мавжудлиги уруғга маълум эмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, янги қирол Торо анъаналарига мувофиқ танланган.

Тож кийиш маросими Торо қироллигининг пойтахти Форт-Портал шаҳридаги Карузиика саройида ўтказилган. Унда рамзий жанг, анъанавий рақслар ва ноғора садолари билан бир қаторда буқа сўйиш ҳамда товуқ қонидан фойдаланиш каби маросимлар бажарилган. Тадбирда Уганда Президенти Йовери Мусевени ҳам қатнашган.

Янги қирол илк нутқида халқ маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини асрашга ваъда берган. Шунингдек, аҳолини атроф-муҳитни муҳофаза қилишга чақирган.

Маълумот учун, Уганда сайланган президент бошқарадиган республика ҳисобланади. Мамлакатдаги мустамлакачиликдан олдинги тўртта қироллик сиёсий ҳокимиятга эга бўлмаса-да, миллий ўзлик ва маданий мерос рамзи сифатида сақланиб қолган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Уганданинг Торо қироллигида янги қиролни танлаш жараёни кутилмаган вазият туфайли инқирозга юз тутиб, қирол Оё Нимба Кабамба Игура Рукиди IV нинг вориси этиб сайланган Жорж Десмонд Камураси футбол сабаб тахтдан воз кечган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг