Афғонистондан Бухорога контрабанда қилинган наркотик фош бўлди (видео)

3-саҳифа

image

Афғонистондан контрабанда йўли билан Бухоро вилоятига етказиб берилган 45 кг гиёҳвандлик воситасини олиб кетаётганлар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унга кўра,  “Тошкент-Андижон” йўналишида ҳаракатланаётган Андижон шаҳрида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Cobalt русумли транспорт воситаси Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган “Чинор” патруль хизмати масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Натижада машинада у билан кетаётган шериги – Қирғиз Республикасининг Ўш шаҳрида яшовчи 1971 йилда туғилган Қирғизистон фуқаросининг ёнида 4 кг 897 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, Қирғиз Республикаси фуқароси ушбу ажал оғусини Бухоро туманидаги дала майдонидаги хуфия жойдан олгани аниқланиб, мазкур ҳудуд кўздан кечирилганда, у ерда яна 45 кг 52 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 273-моддалари (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Терговга қадар текширув давомида, муқаддам учинчи шахслар томонидан Афғонистондан контрабанда йўли билан Бухоро вилоятига етказиб берилган ушбу қарийб 50 кг гиёҳвандлик воситаси Ўзбекистон ҳудудидан транзит сифатида олиб ўтилиши керак бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида профилактика инспектори хизмат хонадонида нарколаборатория ташкил этгани аниқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон контрабанда Бухоро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг