Афғонистондаги аввалги тузум ҳокимиятни сақлаб қололмаслигига амин эдик – Мирзиёев
Жамият
−
01 Апрель
14620Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан ёндашуви ҳар доим прагматик ва узоқ муддатли стратегик тамойилларга асосланиб келган. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Euronews”га берган интервьюсида кўплаб давлатлар Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати билан ҳамкорлик қилиш ҳамда бу мамлакатни минтақавий ва халқаро ҳамкорлик жараёнларига жалб этишдан ўзини тийиб турган бир пайтда Ўзбекистон жанубий қўшниси билан фаол алоқаларни давом эттираётганининг сабаби ҳақидаги саволга жавобан маълум қилди.
“Биз ҳеч қачон қўшнимиздан юз ўгирмаганмиз, у билан алоқаларни узмаганмиз. Биз қўшни давлатлар, жумладан, унинг яқин ва энг муҳим ҳамкори сифатида Ўзбекистон билан конструктив ҳамкорлик қилмасдан Афғонистонни ривожлантириш имконсиз, деган фикрга доим ишониб келганмиз”, деди Президент.
Мирзиёев Афғонистонга нисбатан олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватламаганларнинг кўпчилиги бугун унинг тўғрилиги, муқобили йўқлигига тан олишга мажбур бўлаётганини таъкидлади.
“Афғонистондаги аввалги тузум бир қатор сабабларга кўра ҳокимиятни сақлаб қололмаслигига амин эдик. Бу сабаблар қаторида аввалги ҳокимиятнинг мамлакат ҳудудини тўлиқ назорат қилишга қобилсизлиги, мухолифат билан мулоқотга тайёр бўлмагани, инклюзив ҳукуматни шакллантиришга интилмагани ва давлат бошқарувининг барча даражаларида коррупция авж олганини келтириш мумкин.
Ҳозирги раҳбарият Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга, ўз ресурсларини аэропортлар, ички темир йўл тармоқлари, сув-энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга ва кўкнор майдонларини қисқартиришга йўналтиришга муваффақ бўлди”, дейди Ўзбекистон етакчиси.
БМТ маълумотларига кўра, “Толибон” 2023 йилда гиёҳванд моддалар савдосини тақиқлаганидан сўнг, Афғонистонда кўкнор етиштириладиган ерлар 95 фоизга камайган. Президент Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Афғонистонда кўкнордан холи келажак барпо этиш мақсадида қишлоқ аҳолисига ёрдам кўрсатилмоқда, қишлоқ хўжалигининг муқобил йўналишлари ривожлантириляпти.
“Бугунги шароитда биз Афғонистонга стратегик имкониятлар нуқтаи назаридан қараш зарур деб биламиз. Ушбу мамлакатни халқаро иқтисодий жараёнларга жалб этиш, хусусан, унинг ҳудудида инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш жуда муҳим”, деди Мирзиёев.
Шунингдек, у Ўзбекистон Афғонистонга нафақат мавжуд инқироздан чиқиш, балки узоқ муддатли ривожланиш имконини берадиган ижобий кун тартиби ва ташаббусларни илгари суриш учун Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ишлашга тайёр эканини билдирди. Ҳозирда биринчи галдаги вазифа – Афғонистонга таълим соҳасида ёрдам беришни давом эттириш, деб ҳисоблашини қўшимча қилди.
“Ишончим комил, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакатни тиклаш Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатларининг умумий манфаатларига жавоб беради”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Маълумот учун, 2021 йилнинг август ойида Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди ва “Толибон” жангсиз Қобулга кирди. Бир ой ўтгач, Америка қўшинлари мамлакатни бутунлай тарк этди. 2021 йилнинг сентябрь ойида “Толибон” Афғонистон ҳукумати таркибини эълон қилди.
Ўтган йили февраль ойида Ўзбекистон Афғонистон элчихонасини “Толибон” дипломатларига топширган эди. Ўшанда “Толибон” томонидан Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасига элчи этиб тайинланган Муғфуруллоҳ Шаҳоб олдинги ҳукумат даврида элчиликка тайинланган Аҳмад Холид Илмийнинг ўрнини эгаллаган. Бироқ апрель ойида Муғфуруллоҳ Шаҳоб ўрнига Абдул Ғаффор Баҳр элчи этиб тайинланди. Август ойида эса “Толибон” муваққат ҳукуматидаги ташқи ишлар вазирлигининг учинчи сиёсий департаменти директори Зокир Жалолий Афғонистоннинг Ўзбекистондаги расмий элчиси сифатида Абдулғофар Тиравий таништирилганини айтди. Октябрь ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов “Толибон” томонидан жўнатилган элчини қабул қилди.
Ўтган йил августда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистоннинг Қобул шаҳрига борди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ҳамда “Толибон” муваққат ҳукумати раҳбарияти ўртасида 5 та шартнома имзоланди.
Жорий йил 22 февраль куни эса Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов “Толибон” муваққат ҳукуматининг бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Муллa Абдулғани Бародар билан икки томонлама музокаралар ўтказди.
LiveБарчаси
Тошкентда подстанция ёниб кетди.
11 Апрель
Тренддагилар




