Арипов “Толибон” бош вазирининг ўринбосари билан учрашди
Жамият
−
22 Февраль
4029Бугун, 22 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Муллa Абдулғани Бародар билан икки томонлама музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот котиби хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон ва “Толибон” ўртасидаги алоқалар дўстлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асослангани, Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан барча соҳаларда конструктив ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланди.
Шунингдек, ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни изчил ривожлантириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Маълумот учун, 22-23 февраль кунлари Бародар бошчилигидаги “Толибон” делегацияси Ўзбекистонда бўлади. Ташриф дастуридан Тошкент шаҳридаги бир қатор ишлаб чиқариш объектларининг фаолияти билан яқиндан танишиш ҳам ўрин олган. Икки кунлик ташрифдан Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, савдо ва транзит алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, Афғонистонга ўзбек инвестициясини жалб қилиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг бош вазир ўринбосари Муллa Абдулғани Бародар раҳбарлигидаги делегация бугун, 22 февраль куни Қобулдан Тошкентга йўл олганди. Уларни Тошкент халқаро аэропортида Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ва Ўзбекистондаги “Толибон” элчиси Шайх Абдуғаффор Баҳр кутиб олганди.
LiveБарчаси