Афғонистонда совуқ туфайли 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Олам

image

Афғонистоннинг турли вилоятларида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва қор ёғиши оқибатида 20 дан ортиқ киши вафот этди. Бу ҳақда “Tolonews” телеканали хабар берди. 

Ҳирот вилояти ғарбида жойлашган шифохона маълумотларига кўра, камида 70 киши гипотермия (одам ва иссиқ қонли ҳайвонларда температуранинг одатдагидан пасайиши) билан шифохонага ётқизилган. Совуқ ҳавода кўчада қолган тўрт нафар гиёҳванд фуқаро вафот этган.

Шунингдек, Бадгис провинциясида камида беш киши гипотермия туфайли ҳалок бўлган. 

“Бир чўпон ва тўрт бола гипотермия туфайли вафот этди”, дейди Бадгис губернатори матбуот котиби Аҳмад Ханзала.

Покистон билан чегарадош Хост вилоятида беш киши, Фарёб вилоятининг шимолида икки киши ҳамда Жузжон вилоятида ҳам икки киши атмосфера ҳароратининг сезиларли даражада пасайиши туфайли ҳалок бўлган.

Маълум бўлишича, Бадгис ва бошқа вилоятларда камида 4 минг қорамол музлаб ўлган. Шу билан бирга, совуқ ҳаво туфайли бир қанча вилоятларда минглаб гектар деҳқончилик ерлари ва юзлаб иссиқхоналар зарар кўрган.

Қайд этилишича, совуқ об-ҳаво туфайли афғонлар иситиш учун газ плиталари ва кўмирдан фаол фойдаланмоқда ва бу ҳам ўлимга олиб келмоқда.

ОАВ хабарларига кўра, сўнгги 10 кун ичида Афғонистоннинг турли вилоятларида камида 10 киши ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган. Ўлим сабаби иситиш ускуналаридаги нуқсонлар бўлиб, улар учун кўмир ва газ ишлатилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон совуқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг