Афғонистонда кўкнори етиштириш 19 фоизга ошди – БМТ
Олам
−
07 Ноябрь
32872022 йил Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати томонидан жорий этилган тақиқ амалда бўлса-да, жорий йил Афғонистонда кўкнори экиш 19 фоизга ошиб, экин майдони тахминан 12,8 минг гектарга етди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) хабар берди.
Қайд этилишича, жорий ўсишга қарамай, экин майдонлари “Толибон” ҳокимиятга келишидан олдинги даражага нисбатан паст даражада сақланмоқда. Масалан, 2022 йилда бу майдон 232 минг гектарни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 95 фоизга қисқарган.
“Кўкнори етиштириш Афғонистонда паст даражада сақланиб қолгани сабабли, афғон фермерларига ноқонуний бозорларга боғлиқ бўлмаган барқарор даромад манбаларини яратишда ёрдам бериш учун имконият ва мажбурият мавжуд”, деди UNODC ижрочи директори Гада Вали ҳисобот хулосаларига изоҳ бериб.
Тадқиқот давомида БМТ мутахассислари кўкнори ишлаб чиқариш марказининг жануби-ғарбий вилоятлардан шимоли-шарқий ҳудудларга силжишини аниқлаган. Мутахассислар буни илгари кўкнори билан шуғулланмаган фермерларнинг гиёҳванд моддалар бозорига киришга интилиши билан изоҳламоқда. Уларни жуда юқори кўкнори нархи жалб қиляпти – йилнинг биринчи ярмида унинг ўртача нархи бир килограмм қуруқ кўкнори учун 730 АҚШ долларни ташкил этган. Бу эса ҳозирги ҳукумат тақиқ жорий этишидан аввалги нархдан (килограммига 100 доллар) сезиларли даражада юқори.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили UNODC Мьянмани афюн (кўкнорнинг думбул бошоғидан олиб қуритилган шира) ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи давлат деб эълон қилган эди.
LiveБарчаси