Афғонистонда қор бўронлари оқибатида 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Олам

image

Афғонистонда кучли қор бўронлари оқибатида камида 61 киши ҳалок бўлди, 110 киши жароҳат олди. Бу ҳақда бугун, 24 январь куни Афғонистон Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш миллий бошқармаси (ANDMA) хабар берди.

Идора матбуот хизмати хабарига кўра, сўнгги уч кун ичида мамлакатнинг турли вилоятларида кучли ёмғир ва қор ёғиши оқибатида 61 киши вафот этган, яна 110 киши турли даражада тан жароҳати олган.

ANDMA маълумотларига кўра, қурбонлар ва жабрланганлар ҳақидаги хабарлар Қобул, Парвон, Панжшер, Бомиён, Дайкунди, Майдан-Вардак, Ғазни, Ҳирот, Ғор, Бадғис, Фарёб, Сари-Пул, Балх, Саманган ва Нуристон вилоятларидан келиб тушган.

Шунингдек, табиий офат оқибатида 458 та уй тўлиқ ёки қисман вайрон бўлган, бунинг оқибатида 360 та оила зарар кўрган. Қишки офатлар – музлаб ёққан ёмғирлар, бўрон ва қор бўронлари сабабли 620 бош чорва моллари ҳам нобуд бўлган.

ANDMA’нинг қайд этишича, 20 дан 23 январгача давом этган қор бўронлари, айниқса инфратузилмаси заиф, табиий офатларга чидамсиз тоғли ва қишлоқ ҳудудларида катта зарар етказган.

Ҳозирда мамлакатдаги деярли барча асосий автомагистраллар, шунингдек, вилоятлараро иккиламчи йўллар қор уюмлари сабабли ёпилган, қор кўчкилари хавфи мавжуд. Бундан ташқари, электр узатиш линиялари узилиши ва устунлар қулаб тушиши оқибатида Афғонистонга четдан импорт қилинадиган электр энергияси етказиб берилиши тўхтаган.

Афғонистон метеорологларининг прогнозлари ҳам ижобий эмас: жорий ҳафта давомида мамлакатнинг айрим ҳудудларида кучли қор ёғиши давом этиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезиянинг Ғарбий Ява провинциясига қарашли Ғарбий Бандунг минтақасида юз берган кўчки оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлганди, яна 82 киши бедарак йўқолган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон қор бўронлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг