Афғонистонда аёллар эркак стоматологларга бориши тақиқланди
Олам
−
26 Сентябрь 2025 2162 1 дақиқа
Афғонистон ҳукумати Қандаҳор шаҳрида аёлларга эркак стоматологларга мурожаат қилишни ман этди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.
Хабарга кўра, “Толибон” вакиллари бутун Қандаҳордаги стоматология клиникаларидан аёлларни ҳайдаб чиқарган ва уларни эркак шифокорлар олдига киритмаслик ҳақида кўрсатма берган.
“Толибон” ҳокимиятга келгач, Афғонистонда аёллар ҳуқуқларини чекловчи бир қанча чоралар жорий қилинмоқда. Яқинда мамлакат университетлари дастуридан аёллар ёзган китоблар олиб ташланган. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва жинсий зўравонлик мавзулари тилга олинган 18 та фан ўқитилиши тақиқланган. “Толибон”га қарши ёки шариатга зид деб топилган 680 та китобнинг қарийб 140 таси аёллар қаламига мансуб.
Қайд этиш жоиз, 10 август куни “Толибон” Қобулдаги аёллар гўзаллик салонларини оммавий ёпаётгани маълум бўлган эди. Мутахассислар бу ҳаракатларни аёлларни босқичма-босқич ижтимоий ва иқтисодий ҳаётдан четлаштириш сиёсатининг бир қисми сифатида баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” муваққат ҳукумати расмийлари Қандаҳор вилоятида аёлларга радио орқали кўнгилочар дастурларни олиб боришни тақиқлаганди.
Live
Барчаси