Афғонистонда 80 га яқин ўқувчи қизлар заҳарлангани айтилмоқда
Олам
−
08 Июнь 2023
5229Афғонистоннинг Санг-чарак туманида 80 га яқин бошланғич синф ўқувчи қизлари заҳарланиб, шифохонага ётқизилганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда CNN'га Шимолий Сари-Пуль вилоятидаги таълим бўлими раҳбари Муҳаммад Раҳмоний маълум қилган.
Раҳмонийнинг сўзларига кўра, бир мактабда ўқиган 17 нафар ўқувчи, бир кун ўтиб эса қўшни қишлоқдаги бошқа мактабда 60 нафар, асосан, қизлар заҳарлангани ҳақида хабарлар тарқалган. Ушбу ҳолатдан сўнг тергов бошланган. Раҳмоний бу борада полиция билан бевосита гаплашганини айтган.
Аммо ҳозирча расмийлар жиноятчи ва жиноят мотивини топмаган.
“Эрталаб мактабга келган ўқувчилар тўсатдан боши айланиб, бош оғриғи ва кўнгил айнишини ҳис қилган”, дейди Раҳмоний.
Унинг қайд этишича, мактаб ўқувчилари маҳаллий шифохонага ётқизилган, аммо аҳволи оғирроқ бўлган 14 киши вилоят марказидаги шифохонага етказилган.
Сари-Пуль шифохонаси доктори ҳам CNN'га баъзи қизлар шифохонага ётқизилганини тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, Эронда 2022 йилда минглаб ўқувчи қизлар газдан заҳарлангани айтилганди. Эрон Соғлиқни сақлаш вазири сўнгги ойларда турли мактабларда ўқиётган қизлар заҳарли ҳужумга учраганини тасдиқлаган. Баъзи сиёсатчилар эса ҳолат қизларнинг таълим олишига қарши бўлган диний гуруҳлар томонидан уюштирилганини тахмин қилган. Шундан сўнг ушбу ишда гумонланиб 100 дан ортиқ киши қўлга олинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь