Афғонистон ва Покистон ҳарбий ҳаракатларни вақтинчалик тўхтатди
Олам
−
18 Март 2548 2 дақиқа
Афғонистон ва Покистон Рамазон ҳайити муносабати билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатди. Бу ҳақда бугун, 18 март куни ҳар икки давлат расмийлари маълум қилди.
Хусусан, Покистон Ахборот ва телерадиоэшиттириш вазири Аттаулла Тарар мусулмонларнинг Ийд ал-Фитр (Рамазон ҳайити) байрами нишонланиши муносабати билан Афғонистонга қарши ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилишини эълон қилган.
“Яқинлашиб келаётган Ийд ал-Фитр байрами арафасида ўз ташаббусимиз билан, шунингдек, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Қатар ва Туркия Республикаси илтимосига биноан Покистон Ислом Республикаси ҳукумати давом этаётган амалиётни вақтинча тўхтатишга қарор қилди”, деб ёзди у ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Қайд этилишича, ўт очишни тўхтатиш режими 19 мартдан 23 мартгача (шу куни ҳам) амалда бўлади. Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳам шунга ўхшаш баёнот берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистоннинг Қобул шаҳридаги гиёҳвандлар даволанаётган шифохонага бир нечта бомбалар билан зарба берилгани ва оқибатда у ерда даволанаётган 400 дан ортиқ бемор ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Покистон ва Афғонистон ўртасидаги можаро
Илгари иттифоқчи бўлган бу икки давлат ўртасидаги кескинлик Покистон Афғонистондан “Толибон” ҳаракатига қарши чоралар кўришни талаб қилганидан кейин кучайди.
2025 йилнинг 9 октябрь куни Қобулда икки портлаш содир бўлган ва “Толибон” бунинг учун Исломобод (Покистон пойтахти)ни айблаган. Шундан сўнг афғон қўшинлари чегара пунктларида покистонлик ҳарбийларга қарата ўт очган. Бунга жавобан Покистон армияси оғир артиллерия, танклар, дронлар ва қирувчи самолётлар билан зарба берган.
Тўқнашувлар 2025 йилнинг октябрь охиригача давом этган. Кейин томонлар Қатар ва Туркия воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишиб олган, бироқ кейинги музокаралар тинчлик келишувига олиб келмаган.
Жорий йилнинг февраль ойи охирида Покистон Афғонистоннинг бир нечта шаҳарларига, жумладан Қобулга ҳам ҳаво зарбалари берган. Покистон Мудофаа вазири Хўжа Осиф ўшанда бир неча ойлик тўқнашувлардан сўнг кескинлик “очиқ уруш” даражасига етганини айтган.
Live
Барчаси