Афғонистон туманларини эгаллаётган “Толибон” баёнот билан чиқди
Олам
−
26 Июнь 2021
68869Сўнгги вақтларда фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётган “Толибон” ҳаракати Афғонистон ҳукумати ва бошқа барча томонлар билан тинч келишувга эришмоқчи эканини эълон қилди. Бу ҳақда ҳаракат матбуот котиби Сухайл Шоҳиннинг баёнотида сўз борган. Бу ҳақда “ABC News” хабар берди.
“Баъзи вилоятларнинг фақатгина маркази расмий Кобул назоратида, аммо атрофидаги туманлар биз томонимиздан эгалланган. Умумий ҳисобда (бундай ҳудудлар – таҳр.) бизнинг назоратимиздаги ҳудудларнинг 80 фоизини ташкил қилади”, дейди Шоҳин.
Ушбу баёнотнинг тўғрилигини текшириш мумкин эмас, чунки кўп жойлар тез-тез қўлдан қўлга ўтиб туради ва Aфғонистон расмийлари бу масала бўйича матбуотга изоҳ бермайдилар.
Шоҳин шунингдек, унинг жамоаси сўнгги ҳарбий ютуқларга қарамай тинчлик музокараларига содиқлигини таъкидлаган.
“Бизнинг сиёсатимиз Кобул маъмурияти ва барча афғон томонлари билан тинчликка эришиш ҳисобланади. Ушбу сиёсат ўзгармади”, дейди “Толибон” вакили.
“Толибон” вакили уларнинг Афғонистонни “босиб олиш”ни тўхтатиш ва “Исломий ҳукуматни барпо этиш” ҳақидаги талаблари муҳокама қилинмаслигини таъкидлади.
Aмерика қўшинлар 11 сентябрга қадар олиб чиқилмаса, нима бўлади, деган саволга Шоҳин “агар улар сўзларига содиқ бўлса, бу уларнинг ишончлилиги ва имижига фойда келтиради. Aгар улар орқага чекинмаса, кураш давом этади”, дея жавоб қайтарди.
Фаоллашиб қолган “Толибон”
Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.
Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган.
Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси