Афғонистон аёллар терма жамоаси “Толибон” қаршилигига қарамай халқаро майдонга қайтмоқда
Спорт
−
12:16 1619 2 дақиқа
FIFA Афғонистон аёллар терма жамоасига “Толибон” қаршилигига қарамай халқаро майдонларда иштирок этишга рухсат берди. Бу ҳақда маҳаллий “Khaama Press” агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, жамоа Янги Зеландиянинг Окленд шаҳрида ўтказилаётган ўқув-машғулот йиғини доирасида Кук ороллари терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Учрашув санаси ҳозирча расман эълон қилинмаган.
Бу Афғонистон аёллар терма жамоасининг 2021 йилда “Толибон” ҳаракати мамлакатда ҳокимият тепасига қайтганидан кейинги илк халқаро учрашуви бўлади. Ўшанда жамоанинг аксарият футболчилари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган эди.
Шундан сўнг Халқаро футбол федерацияси (FIFA) аёллар жамоасини миллий терма жамоа сифатида тан олмагани сабабли улар халқаро мусобақалардан четлатилган эди. Бироқ 2026 йил апрель ойи охирида хорижда яшовчи афғон спортчиларига Афғонистон номидан халқаро мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
Натижада, мамлакатда аёллар футболига қўйилган чекловлар сақланиб қолаётганига қарамай, янги ташкил этилган Афғонистон аёллар футбол уюшмаси аъзолари FIFA ҳомийлигидаги халқаро турнирларда қатнашиш имкониятига эга бўлди.
FIFA’нинг янги қоидаларига кўра, миллий ассоциация турли сабабларга кўра мустақил равишда терма жамоа туза олмаган ҳолларда, FIFA ва Осиё футбол конфедерацияси ҳамкорликда махсус вакиллик жамоасини шакллантириши ва тасдиқлаши мумкин.
Нашрнинг қайд этишича, етти ой аввал афғон футболчилари Бирлик кубоги мусобақасида иштирок этиб, Ливия жамоасини мағлуб этган. Бироқ ўшанда улар расман Афғонистон миллий терма жамоаси сифатида тан олинмаган эди. Кук оролларига қарши бўлажак баҳс эса жамоанинг FIFA томонидан тан олинганидан кейинги илк учрашуви бўлади.
Live
Барчаси