Афғон урушида қатнашган генерал ўлик ҳолда топилди
Олам
−
21:06 3712 2 дақиқа
Кеча, 20 август куни Россия пойтахти Москвада Федерал хавфсизлик хизматининг истеъфодаги генерал-майори Игорь Лаптевнинг жасади топилди. Бу ҳақда “The Insider” хабар берди.
Қайд этилишича, Москвада аввал Россия солиқлар ва йиғимлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган ФХХнинг 83 ёшли истеъфодаги генерал-майори Игорь Лаптевнинг жасади топилган. Россия ОАВлари маълумотларига кўра, у ўз жонига қасд қилган.
Лаптевнинг жасади кеча, 20 август куни кундузи Верхняя Красносельская кўчасидаги уйда жойлашган хонадонида топилган. “Московский комсомолец” унинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар бермоқда, “Деловой Петербург” эса ўлимга ўқотар қуролдан етказилган жароҳат сабаб бўлганини ёзяпти. Ўлим олди хати мавжудлиги ва эҳтимолий сабаблар ҳақида маълум қилинмаган.
Маълумот учун, Игорь Лаптев 1942 йилда туғилган ва Менделеев номидаги Москва кимё-технология институтида муҳандис-кимёгар-технолог мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Кейинчалик давлат хавфсизлиги органларида хизматга кирган ва КГБдаги фаолияти давомида Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.
Кейинчалик Лаптев КГБ, ФХХ ва солиқ полициясида ишлаган, у ерда ахборот хавфсизлиги ва идоравий бошқарув тизимларини яратиш масалалари билан шуғулланган. 1990-йилларнинг охирида Россия солиқлар ва йиғимлар вазирининг ўринбосари бўлган ҳамда 1-рангли давлат солиқ хизмати маслаҳатчиси унвонига эга бўлган.
1998 йилдан бошлаб Лаптев “Информтехника и связь” компанияси директорлар кенгашига бошчилик қилган, у кейинчалик “Информтехника” компаниялар гуруҳи таркибига кирган. Компания телекоммуникация тизимлари ва ускуналари, жумладан махсус алоқа тизимларини ишлаб чиқади. Компания маҳсулотлари Россия куч тузилмаларига, жумладан ФХХ, ФҚХ, Мудофаа вазирлиги ва ИИВга етказиб берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда сўнгги икки йил ичида камида олти нафар юқори мартабали генерал суиқасд нишонига айлангани ҳақида хабар берилган эди. Улардан уч нафари портлашлар оқибатида ҳалок бўлган, яна бирига қуролли ҳужум уюштирилган.
Live
Барчаси