“Гулноранинг жиноятларидан Ўзбекистон давлати ва халқи ҳам жабр кўрган”. Тошкент Швейцария суди қарорига муносабат билдирди

Жамият

image

Аввалроқ Швейцария федерал жиноий суди Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича музлатиб қўйилган маблағлардан Takilant копманиясига қарийб 70 миллион долларни қайтаришга қарор қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Швейцария судининг қарори бўйича айрим тафсилотларни эълон қилди.

Вазирлик 2012 йилда Швейцария Федерал прокуратураси Гулнора Каримова ва унга алоқадор шахсларга нисбатан жиноий маблағларни легаллаштириш ва қалбакилаштириш бўйича кенг кўламли тергов бошлаганини эслатган. Гап Ўзбекистон бозорига кириш ва тўсиқсиз ишлаш эвазига хорижий телекоммуникация компанияларидан ноқонуний йўл билан олинган йирик маблағларни легаллаштириш ҳақида кетмоқда.

Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан олиб борилган жиноий тергов ишлари доирасида Швейцария Федерал прокуратураси томонидан ушбу давлат банкларида жойлашган “Takilant Ltd.” компаниясига тегишли 350 млн АҚШ долларидан ортиқ маблағлар мусодара қилинган.

Жорий йилнинг 22 декабрида эълон қилинган баёнотида Швейцария суди Гулнора Каримова ва унинг шерикларини ноқонуний маблағларни оғирлаштирувчи ҳолатларда легаллаштиришда айбдор деб тан олгани ва шу сабаб 293 млн долларидан ортиқ маблағ мусодара қилингани ҳақида хабар берган.

“Бу Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун муҳим ғалаба ҳисобланади, чунки у маблағларни Ўзбекистон Республикасига қайтариш бўйича кейинги музокаралар учун имконият очади.

Шу билан бирга, суд қарорига кўра 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар процессуал харажатлар чиқариб ташланганидан сўнг “Takilant Ltd.” Компаниясига қайтарилиши мумкин. Айрим ОАВ суд қарорининг ушбу қисмини нотўғри талқин қилган ҳолда асоссиз маълумотлар тарқатишмоқда”, дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Таъкидлаш жоизки, Швейцария федерал жиноят судининг 2021 йил 17 декабрдаги қарори ҳали якуний қарор эмас. Ҳусусан, Швеййария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари суднинг ушбу қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, ушбу маблағларга нисбатан Америка Қўшма Штатларнинг ваколатли органлари томонидан уларни ҳибсга олиш тўғрисида даъво ва ордер ҳам мавжуд, бу эса Швейцария судининг кўрсатилган қарори кучга кирган тақдирда ҳам ушбу маблағларни компанияга қайтариш имконини бермайди, дея таъкидланмоқда.

“Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари Швейцария ва АҚШ расмийлари билан Гулнора Каримова ва унинг шерикларининг жиноий фаолият натижасида орттирилган активларини қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Чунки ушбу жиноятлардан Ўзбекистон давлати ва халқи ҳам жабр кўрган”, дея муносабатини якулаган Адлия вазирлиги.

Гулнора қаерда? 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, Фонд Форум васийлик кенгаши раиси, профессор ва маишатсевар Гулнора Каримованинг “салтанат”и 2013 йилга келиб қулади. 2005 йилдан бошлаб ўзини маданият ва санъат, спорт, илм-фан, ахборот технологиялари ва ёшлар ғоялари раҳнамоси сифатида кўрсатишни бошлаган Googoosha 2013 йилгача мамлакатда мислсиз қудрат соҳиби бўлгани ҳеч кимга сир эмас. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. 

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

1191

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг