Суд Гулнора Каримова фойдасига муҳим қарорни қабул қилди
Жамият
−
23 Декабрь 2021
77345Швейцария федерал жиноий суди Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича музлатиб қўйилган маблағлардан Takilant копманиясига қарийб 70 миллион долларни қайтаришга қарор қилди. Тергов ушбу активлар жиноят натижасида қўлга киритилганлигини аниқлай олмади, дейилади Федерал жиноят суди баёнотида.
Гулнора Каримова бенефициар бўлган Takilant ҳозирда жиноий тергов қилинаётган бешта Швейцария ҳисобининг иккитаси билан боғланган. Компаниядан мусодара қилинган умумий сумма 350 миллион доллардан ортиқни ташкил қилган.
Суд хулосасига кўра, ушбу сумманинг салмоқли қисми – 293 миллион доллардан ортиғи (тахминан 270 миллион Швейцария франки) мусодара қилиниши керак. Чунки ишда иштирок этган бир неча шахс, жумладан Гулнора Каримованинг ўзи ва унинг ёрдамчиси оғир жиноятда айбдор деб топилган.
2020 йил декабрь ойи бошида Швейцария Апелляция суди Каримованинг Гибралтарда рўйхатдан ўтган Takilant компаниясининг қонуний бенефициари эканлиги ҳақидаги даъвосини қаноатлантирди, унинг маблағлари 2018 йилда тергов томонидан Швейцария банкидаги ҳисоб рақамида музлатиб қўйилган.
Европа давлатларида Каримова номи билан боғлиқ компанияларнинг жиноий фаолияти юзасидан тергов 2012 йилда бошланган. Ўзбекистон марҳум Президенти тўнғич қизининг икки ишончли шахси ҳужжатларни қалбакилаштириш ва пул ювишда айбланган. Кейинроқ тергов яна икки киши – Каримованинг ўзи (2013 йилда дипломатик дахлсизлик бекор қилинганидан кейин) ва унинг қариндоши билан кенгайтирилган.
Жиноий схема ТелиаСонера, Вимпелcом, Алфа Телеcом, МЦ каби хорижий телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириши эвазига катта миқдордаги пулларни ноқонуний равишда олишдан иборат эди. Кейинчалик бу маблағлар чет элда, асосан Швейцарияда ювилган. 2018 йилда Швейцария Каримовани айбдор деб топди ва Швейцариянинг иккита банкидаги бешта ҳисобидаги 555 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилишни буюрди.
Гулнора қаерда?
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, Фонд Форум васийлик кенгаши раиси, профессор ва маишатсевар Гулнора Каримованинг “салтанат”и 2013 йилга келиб қулади. 2005 йилдан бошлаб ўзини маданият ва санъат, спорт, илм-фан, ахборот технологиялари ва ёшлар ғоялари раҳнамоси сифатида кўрсатишни бошлаган Googoosha 2013 йилгача мамлакатда мислсиз қудрат соҳиби бўлгани ҳеч кимга сир эмас.
Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь