Zeromax’нинг Гулнора учун олмослари, Трампга 100 миллиардлик ваъда, заҳарли Тошкент, сувдан қуруқ чиққан Раҳмонов – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатлари илиқлашиб бормоқда. Қатор сиёсатчилар, хусусан, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатон Хеникнинг таъбири билан айтганда Тошкент-Вашингтон ўртасидаги муносабатлар ўзининг тарихан энг юқори даражасига чиққан. 

Ўзбекистон раҳбарининг сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассаблеясининг 80-сессияси доирасида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан ўтказган учрашуви, унда икки мамлакат ўртасида 105 миллиард АҚШ долларилик шартномалар имзолангани, Трамп Ўзбекистон 8 миллиард долларга 22 та “787 Dreamliner” самолётини харид қилишини эълон қилгани ва Ўзбекистон раҳбари 7 та урушга якун ясагани учун АҚШлик мавқедошини Нобель мукофотига лойиқ кўргани билан эсда қолган эди. Мирзиёев ва Трампнинг навбатдаги учрашуви ўзини узоқ куттирмоқда. Бу сафар C5+1 форматидаги йиғинда иштирок этиш Вашингтонга борган Мирзиёевнинг Оқ уйда Трамп билан бўлиб ўтган мулоқотидан сўнг, яқин уч йил ичида Ўзбекистон Американинг муҳим минераллар, авиация, автомобиль бутловчи қисмлари, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва кимё, ахборот технологиялари ва бошқа муҳим тармоқларига қарийб 35 миллиард доллар, келгуси ўн йилда эса 100 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритиши очиқланди. Дональд Трампга кўра, бу маблағлар АҚШ иқтисодиётининг асосий йўналишларига – нодир минераллар, авиация, авто эҳтиёт қисмлар, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва кимё, ахборот технологиялари ҳамда бошқа соҳаларга йўналтирилади. 

Хўш, Ўзбекистонда бунча пул қайдан? Дунёдан 72 миллиард АҚШ доллари қарзи бўлган, ЯИМ эндигини 100 миллиард доллардан ошган Ўзбекистон бунча пулни нима учун АҚШ иқтисодига киритмоқча. Трамп томонидан эълон қилинган бу рақамлар ҳақида расмий Тошкент миқ этгани йўқ, изоҳ ҳам берилмади. 

Ўзбекистон раҳбарининг Ой уйда меҳмон бўлганидан бир ҳафта ўтиб эса, Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилаётгани хабар қилинди. Президент 12 ноябрь куни шу мазмундаги фармонни имзолади. Мақсад – Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ўзаро манфаатли савдо-инвестициявий ва тижорат алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишда ишларни самарали ташкил этиш.

Фармон билан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага Ўзбекистон томонидан Кенгашни бошқариш, унинг таркибини, унинг регламентини ва фаолияти тартиб-таомилларини тасдиқлаш ваколати берилади.

Кенгаш стратегик бизнес ташаббуслар, йирик инвестиция ва савдо лойиҳалари ишлаб чиқилиши ва келишилишини мувофиқлаштиради, шунингдек, улар амалга оширилишини доимий мониторинг қилади. Тариф ставкаларини ўзаро пасайтириш масалалари бўйича музокараларни давом эттиради, мамлакатнинг инвестиция портфелини, шу жумладан, Ўзбекистон Марказий банки валюта захирасининг бир қисмини ва бошқа активларини диверсификациялаш бўйича таклифлар киритади. Унинг офиси АҚШда жойлашади. 

Қолаверса, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча маслаҳатчи-элчи – Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими киритилмоқда. Маслаҳатчи-элчи лавозимига тайинлаш ва ундан озод этиш, шунингдек, фаолияти регламентини тасдиқлаш Президент Администрацияси раҳбари томонидан амалга оширилади. Маслаҳатчи-элчи ўз фаолиятида Президент Администрацияси раҳбарига ҳисобдор ва мамлакатнинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари фаолиятини икки томонлама муносабатларни ривожлантириш қисмида қўллаб-қувватлашга масъул ҳисобланади.

Фармонда АҚШдаги элчихона ходимларини кўпайтириш, бир ой муддатда АҚШ ҳудудида қўшимча консулликлар очиш хусусида ҳам сўз борган. Фармон қабул қилинган куннинг ўзидаёқ Президентнинг тўнғич қизи, Администрация раҳбари, Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ҳамраиси Саида Мирзиёева АҚШнинг Юта штати Исо Масиҳ Охирги замон авлиёлари черкови оқсоқоли Дэвид Беднар бошчилигидаги бизнес делегацияси билан учрашди.  Унда Президентнинг Ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов, Президентнинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов ҳам иштирок этган. Бу Сардор Умурзоқовнинг бундай учрашувларда Саида Мирзиёева билан биринчи бор кўриниш бериши. 

Zeromax ва Гулнора Каримова. Швейцария суди аср банкротлиги сирларини очиб берди

Швейцарияда Zeromax кредиторининг Ernst & Young аудиторлик компаниясига қарши даъвоси давом этмоқда. Федерал Олий суди EY компаниясининг Швейцариядаги филиалига Zeromax аудитига оид ҳужжатларни тақдим этишни буюрди. Ушбу қарор миллиардлаб жаримага олиб келиши ва компаниянинг обрўсига жиддий зарар етказиши мумкин.

Иш беш йилдан бери давом этмоқда. Аудитор шубҳали битимларга кўз юмиб, ижобий ҳисоботлар бериб, Zeromax’нинг молиявий аҳволи тўғрисида кредиторларни чалғитишга ёрдам берганликда айбланмоқда.

“Tippinpoint” нашрининг ёзишича, суд EY Schweiz’га кенг доирадаги ҳужжатларни ошкор қилишни буюрган, журналистлар буни “ўзбек “маликаси” Гулнора Каримова атрофидаги молиявий триллернинг янги саҳифаси” деб атаган.

1999 йилда Делавэр штатида (АҚШ) ташкил этилган Zeromax конгломерати Ўзбекистонда ўнлаб саноат тармоқларида активларга эга бўлиб, 2010 йилда тўсатдан банкрот деб эълон қилинди ва активлари 2,56 миллиард доллар ҳамда мажбуриятлари 4,12 миллиард долларни ташкил қилди. Кейинчалик маълум бўлишича, унинг ҳақиқий активлари атиги 6,66 миллион Швейцария франкини ташкил этган, 191 кредиторнинг умумий талаблари эса 5,6 миллиард Швейцария франкидан ошган. Бу Швейцария тарихидаги иккинчи йирик банкротлик бўлди.

Кредиторлар орасида Германиянинг кичик фирмалари ва коммунал хизматларидан тортиб, Ўзбекистон нефть ва газ компаниялари ва Россия қувурлари консорциумигача бор. Улар орасида ҳаттоки Zeromax’нинг 22,7 миллион франк қарзи бўлган собиқ “Бунёдкор” юлдузи Ривалдо ҳам бор.

2019 йилда Американинг Lion Point Capital тўсиқ фонди Zeromax’дан қарзларни ундириш ҳуқуқини қўлга киритди ва аудиторни бепарволикда айблаб,  EY Schweiz’ни судга берди.

“Financial Times” маълумотларига кўра, Zeromax’нинг банкрот бўлишидан олдинги йиллардаги харажатлари бизнес билан боғлиқ эмас эди. 2006-2007 йилларда компания ҳашаматли товарларга 13 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган, шундан 2 миллион доллари Женевада Christian Dior бутикига кетган. 2008-2009 йилларда у заргарлик буюмларига яна 25 миллион доллар, шу жумладан Graff Diamonds’да 6 миллион доллар сарфлади.

Zeromax Ўзбекистоннинг биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова билан боғланади, лекин у буни рад этган. Бироқ, у компания томонидан сотиб олинган заргарлик буюмларининг камида бир қисмини ишлатгани ҳақида далиллар мавжуд. 2016 йилда Швейцария полицияси суд қарорига биноан Каримованинг Женевадаги Lombard Odier банкидаги сейфларида тинтув ўтказган, у ерда заргарлик буюмлари, жумладан, қиймати 2,5 миллион долларлик Boucheron бриллиант узуклари топилган. Терговчилар уни Zeromax тўлаганини аниқлади.

“Financial Times” томонидан кўриб чиқилган полиция ҳужжатларига кўра, заргарлик буюмларининг собиқ эгаси харидор Гулнора Каримованинг ўзи экани ва харид учун маблағ Zeromax билан боғлиқ банк ҳисобварағидан келганини билдирган

Ушбу фактларга қарамай, EY Schweiz компанияга “тоза” аудит ҳисоботларини тақдим этди. 2007 йилдан 2010 йилгача у Zeromax аудитори бўлиб қолди, лекин ҳисоботларни нашр этишни тўхтатди.

Quinn Emanuel адвокатлик фирмаси судда кредиторларни ҳимоя қилиб, Ernst & Young’дан 1 миллиард доллар товон талаб қилмоқда. Федерал суд аудиторнинг шикоятини рад этиб, унга Zeromax билан боғлиқ барча ҳужжатларни ошкор қилишни, 25 минг франк суд харажатларини тўлашни ва даъвогарларга 30 минг франк товон тўлашни буюрди.

Аудиторлик компанияси суд қарорини бажаришини тасдиқлади. Ҳуқуқий экспертларнинг таъкидлашича, бу ҳолат Швейцария учун аудиторлик жавобгарлиги бўйича муҳим прецедент бўлиши мумкин.

Энди наркожиноятчилар оғирроқ жазоланади

Ўзбекистонда наркожиноят содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилмаслик ёки жазосини енгилроғи билан алмаштирмаслик тартиби жорий этилади. Бу  Президентнинг жорий йил 3 ноябрдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланди. 

Маълумки, Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддаларига асосан шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод этилиши ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилиши мумкин. Бироқ, наркожиноят содир этган шахслар билан бундай амалиёт қўлланилмайди.

Шунингдек, энди Ўзбекистонда ҳар қандай наркожиноятни вояга етмаган шахсга нисбатан ёки уни жалб қилган ҳолда содир этиш жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қайд этилади, шунингдек, уларни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик белгиланади.

Бундан ташқари, таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки уларга туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш учун жазо 2 бараварга оғирлаштирилади ҳамда айнан ушбу жойларда вояга етмаганларни мазкур моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади.

Энди наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилиш, наркожиноий уюшма ёки ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланади ва ушбу жиноятларни содир этган шахслар 20 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Ўзбекистонда нарко жиноятлар йил сайин ортиб бормоқда. 2020 йилда 6032 та ҳолат қайд этилган бўлса, 2024 йилгача бу рақам тенг баравардан ортиққа ошиб, 12278 тани ташкил этган. Уларнинг 3167 таси ёшлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Яъни, ҳар учинчи наркожиноятчи 30 ёшгача бўлган ёшлар экани айтилмоқда. Қолаверса, бундан беш йил аввал нарко жиноятларда аёллар улуши атиги бир неча фоизни ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони уч баробарга кўпайган.

Наркотикларни назорат қилиш миллий марказига кўра, илгари асосан опиатлар ва анъанавий наркотик моддалар хавф туғдирган бўлса, бугун синтетик моддалар ва интернет орқали савдо каналлари биринчи ўринга чиқмоқда. Мефедрон, спайслар, А-ПВП ва яширин нарколабораторияда ишлаб чиқарилган бошқа синтетик наркотик моддаларнинг улуши тез суратда ўсиб бормоқда. Уларни ишлаб чиқариш арзонроқ, ташиш осонроқ ва таъсири кучлироқ. Айнан шу сабабли синтетик моддалар анъанавий опиатлар ва каннабисни сиқиб чиқармоқда.

Шу билан бирга, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланиши ҳам кучайган. Прегабалин, сибутрамин ва тропикамид каби фақат рецепт асосида сотилиши лозим бўлган дори воситалари қарамликнинг янги шаклига айланган. Фақат сўнгги уч йил ичида уларни мусодара қилиш миқдори бир неча баробарга ошган. Бу дориларнинг кўпи интернет ва дорихоналар орқали сотилиб келинмоқда.

Расмийларга кўра, йил бошидан 11 мингдан зиёд наркожиноят аниқланиб, 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ушлаб қолинган. Аммо жамоатчилик, фаоллар Ҳукуматни гиёҳванд моддаларнинг савдоси, айланмаси ва мамлакатга кириб келиши билан боғлиқ ҳолатларга нисбатан курашни суст олиб боришда айблаб келади. Айниқса, синтетик гиёҳванд моддаларнинг савдоси ортиб бораётгани, баъзи жойларда уни ташиш ва сотиш, истеъмол қилиш эмин-эркин экани, ҳуқуқ-тартибот органлари етарли даражада чоралар кўрмаслиги танқид қилинади.

Тошкентда яна ҳаво ифлосланиш даражаси ошди

10 ноябрь куни IQAir  ҳисоботи бўйича пойтахт Тошкент дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича 2-ўринга чиқди. 
 
Шуни куни Тошкент ҳавосида майда PM 2,5 микрочанг миқдори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг йиллик PM 2.5 бўйича тавсия этилган меъёридан 40 баравар юқори бўлган. Айни ўша кунларда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги пойтахт аҳолиси ҳамда меҳмонларидан эҳтиёт чораларини кўришни, очиқ ҳаводаги фаолиятни қисқартиришни сўради ва ташқарига чиққанда ниқоб тақишни тавсия этди. 

Ҳаво ифлосланиши бўйича мамлакатдаги матлақ рекорд Андижонда қайд этилди. 11 ноябрь куни Тошкент ва Андижон шаҳарларида ҳаводаги зарарли чанг миқдори меъёрдан анча ортиб кетди. 

Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги автоматик станциялари маълумотларига кўра, Андижонда 11 ноябрь куни эрталаб  PM 10 майда заррачаларининг миқдори 502 мкг/м3 ни ташкил этган ва йиллик рухсат этилган меъёрдан 1 баробар ошган. Бироқ, бу меъёр Ўзбекистонгагина хос. 

PM 2,5 майда дисперсли заррачаларининг таркиби 314 мкг/м3 ни ташкил этган ҳамда йиллик рухсат этилган меъёрдан 8,9 баробар ошган. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоби бўйича эса бу рақам белгиланган меъёрдан бир неча ўн баравар юқори. 
 
Ҳавонинг бу қадам ифлосланиши билан боғлиқ ҳолат нафақат Тошкент ва Андижон шаҳарларида, балки республиканинг деярли барча ҳудудларида кузатилди. Мутасаддилар, экология вазирлиги ҳолатга аниқ изоҳ бериб, кўрилаётган чоралар ҳақида баёнот эълон қилмади. Фақат вазирлик одамлар нафас олишга қийналган ушбу ҳафтада атмосферага гўё зарар етказаётган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган 106 та хўжалик фаолияти вақтинча тўхтатилгани, 58 та иссиқхона хўжалигига нисбатан маъмурий жарима қўлланилганини айтиб чиқди. Билдирилишича, уларда зарарли кимёвий, физик ва биологик таъсир кўрсатувчи моддалар ҳавога чиқарилган

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳеч қандай фактларни келтирмай, экспертлар хулосаларига асосланмай айтишича, Тошкентда ҳаво сифати сезиларли даражада ёмонлаши Тошкент шаҳри ва пойтахтга бевосита яқин жойлашган Тошкент вилояти ҳудудидаги иссиқхона хўжаликлари фаолияти туфайли юз беради. Ўртоқлар, қани факт? Қаердан олдингиз бу гапни? Кесаётган дарахтларингиз, режасиз қурилишларинингиз, инфратузилмадаги муаммолар ортидан келиб чиққан ҳаво айланиши даражаси, кўллар қуриб кетгани, совуқ тушиши билан иссиқлик корхоналарингиз мазутдань фойдаланаётгани каби камчиликларни қачон тан оласиз? Қачон? Ёпинг ҳамма иссиқхоналарни. Қани эртагаёқ Тошкентингизда, ҳа сизнинг тобора шахсийлаштириб бораётган Тошкентингизда ҳаво яхшиланиб қолармикин? Ана ундан кейин кўрамиз, бозордаги нарх-наво қай аҳволда бўларкин.

“Тошкентда ҳаво сифатини бузилишига яна пойтахт атрофидаги иссиқхоналар айбдор қилиб кўрсатилиш бошланди. Навбатдаги марта муаммо яратаётган энергетиклар қолиб, стрелка қурбонларга буриб юборилмоқда.

Энергетиклар бўйнига иссиқхоналарга газни кафолатли етказиб бериш вазифаси қўйилганига роса бир ой бўлди. Балки саволни энергетикларга йўналтирармиз?

1984- марта бўлсаям қайтараман. Экспорт қилинаётган ва пули олигархларнинг офшордаги счетларига оқаётган газнинг учдан бири Ўзбекистондаги барча иссиқхоналарга бутун мавсумга етиб ортади”, дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Шу ўринда айтиб кетишнинг фурсати. Ёдингизда бўлса ўтган ой охирида Яккасарой тумани Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан бошлаб автомобиль йўли ёқасида жойлашган жами 174 туп дарахт ва бута мораторий талабларига зид равишда кесиб ташлангани, бу орқали табиатга 1 млрд 460 млн 952 минг сўм зарар етказилганди.

Ўшанда Экология, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев ушбу ҳолат ҳақида бонг уриб, дарахтлар Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг ўсиб турган дарахтлар ўрнига бошқа дарахтлар экиш тўғрисидаги топшириғига асосан, ободонлаштириш бошқармаси томонидан тунги вақтда кесиб ташланганини айтиб чиққанди.

Аммо дарахтлар қирғини ортидан Раҳмоновга ҳеч қандай чора кўрилмади, у яна сувдан қуруқ чиқди. 8 ноябрь куни ободонлаштириш бошқармаси мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодекснинг 198-моддаси 2-қисмига (ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлиши) асосан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди. 

“Қизиғи, дарахт кесиш топшириғини берган шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов яна сувдан қуруқ чиқмоқда. Унинг ўрнига топшириқни бажарган, “танка”си йўқ ободонлаштириш ходимлари жавоб берадиган кўринади. Мана бу ҳақиқий номардлик”, дейди  Расул Кушербоев.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия АҚШ Жиноят Тошкент Шавкат Мирзиёев Гулнора Каримова Ўзбекистон Дональд Трамп Саида Мирзиёева Оқ уй Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ривалдо Женева IQAir Lombard Odier Мефедрон PM 2.5 наркожиноят Ernst & Young Zeromax Жонатон Хеник Швейцария суди Lion Point Capital Christian Dior

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг