Адлия вазирлиги Хайрулло Бозоровга туҳмат қилган ОАВларга огоҳлантириш билан чиқди
Жамият
−
31 Июль 2021
13713Шу кунларда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг даволаниш таътилида бўлиб турганли билан боғлиқ вазият фонида медиа-маконда бошқа асоссиз маълумотлар ҳам тарқатилди. Адлия вазирлиги мазкур ҳолатга эътибор қаратди.
Таъкидланишича, “Bugun.uz” нашри “Фарғона вилояти ҳокими “тадбиркордан 400 минг доллар пора олгани айтилмоқда”, деб номлаган хабар эълон қилди. Худди шунга ўхшаш материал “Effect.uz” сайтида ҳам эълон қилинган.
Вазирлик мазкур ҳолатга муносабат билдириб, мазкур икки ОАВ Хайрулло Бозоров ҳақидаги хабарларида атайин ахборотни манипуляция қилган ҳолда асоссиз маълумот тарқатганини таъкидлади.
“Ушбу хабарлар бўйича кейинчалик тегишлича раддиялар берилган бўлса-да, биринчи тарқатилган хабар Ўзбекистон қонунчилигидаги оммавий ахборот воситаларига нисбатан белгиланган қоидалар ва соҳадаги мавжуд тамойилларга мос эмаслигини таъкидлаш лозим. Чунки ҳудди шундай нохолис ва текширилмаган ахборотни тарқатиш орқали ҳар қандай инсоннинг ишчанлик обрўси, шаъни ва қадр қимматига путур етказиш мумкин. Кейинчалик раддиялар бериш орқали эса, на дастлабки қонунчиликни бузилиш ҳолатини йўққа чиқара олиш мумкин, на келтирилган маънавий зиённинг ўрни қопланади”, дейилади вазирлик муносабатида.
Шу ўринда Адлия вазирлиги оммавий ахборот воситаларига қуйидаги амалдаги қонун талабларига риоя қилиш лозимлигини эслатиб ўтган.
Биринчидан, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига кўра, оммавий ахборот воситалари эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўришлари шарт ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Иккинчидан, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши, айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиш журналистнинг мажбурияти ҳисобланади.
Учинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддасига мувофиқ, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлади.
Тўртинчидан, Фуқаролик кодексининг 100-моддасига мувофиқ, ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 2019 йил 17 июлдаги IV конференциясида қабул қилинган Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодексида журналист шахс шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўймаслиги белгиланган.
UNESCO томонидан 1983 йилда қабул қилинган Журналистикада касб этикаси халқаро принципларига кўра, журналист ўзининг ижтимоий масъулиятини ҳис қилиши лозим, яъни журналист нафақат қонун олдида, балки жамоатчилик олдида ҳам масъулдир.
“Юқоридаги материалларда масъул мансабдор шахснинг гўёки ўта оғир жиноят содир этганлиги ҳақида хабар берилиб, журналистик этика стандартлари чегараларидан чиқилганлиги яққол кўриниб турибди.
Адлия вазирлиги сўз ва фикр эркинлиги Ўзбекистоннинг демократик тараққиётини ҳаракатга келтирувчи куч эканлигини яна бир бор эътироф этган ҳолда, оммавий ахборот воситаларининг қонун олдидаги масъулияти фуқароларга нисбатан бир неча карра юқори эканлигини ҳам таъкидлайди.
Ўзбекистон ахборот макони ва тарқатилаётган ахборотлар нафақат қонунчиликка, балки журналистика соҳасидаги одоб-аҳлоқ қоидаларига тўла мос бўлиши, келажакда юртимизда соғлом ижтимоий-сиёсий муҳит ва жамиятда конструктив мулоқот яратилиши учун жуда муҳим омил эканлигини унутмаслик лозим”, дейди вазирлик.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров жорий йил июнь ойи охиридан бери Тошкентда даволанмоқда. У бел соҳасида жарроҳлик амалиётини ўтказган.
LiveБарчаси