Адлия вазири мухолифатдаги “Эрк”чилар билан учрашди(ми)?

Жамият

image

Яқинда мухолифатдаги “Эрк” партияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Руслан Давлетов билан учрашгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда жорий йилнинг 10 январь куни “Эрк” партияси Бош котиби етакчилигидаги 5 кишилик гуруҳ вазир қабулида бўлгани, учрашув Давлетов ташаббуси билан ташкил қилингани баён қилинганди.

Эркчиларга кўра, Адлия вазири ташаббуси билан ўтказилган бу учрашувда вазир партия вакилларига "Эрк" партиясини қайта рўйхатдан ўтказиш мумкинлигини билдирган.

Учрашув давомида “Эрк” партияси вакиллари Адлия вазирининг партия низомини рўйхатдан ўтказиш таклифини рад қилган. Уларнинг фикрича, партия низоми 1991 йилнинг сентябрида расман қайд этилган ва у бекор қилинган эмас.

Ушбу хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ Адлия вазирлигининг Матбуот котиби Севара Ўринбоева билан боғланди. Унга кўра, жорий йилнинг 8 январь куни вазир номига А.Турғунов, А.Атаназаров ва бошқа жами 5 кишидан иборат фуқаролар номидан мурожаат келиб тушган. Унда  партия фаолиятини кайта тиклаш ва вазир қабулига кириш сўралган. 

Вазирлик раҳбариятининг қабул графигига (вазир ҳар жума куни шахсан фуқароларни қабул қилади) асосан жорий йилнинг 10 январь куни ушбу мурожаат муаллифлари ҳам қабул қилинган.

“Улар учрашув Адлия вазири ташаббуси билан ўтказилган дейишмоқда, лекин бу маълумотлар нотўғри. Аслида уларнинг ёзма аризасига кўра, умумий тартибда, фуқаролар қабул кунида вазир уларни қабул қилган. 

Вазир мурожаат қилиб келганларга, бугунги кунда  Ўзбекистон ҳудудида “Эрк” номи билан партия йўқлигини билдирган. Шундан келиб чикиб, вазир улар айтган партиянинг фаолиятини тиклаш бўйича ҳуқуқий асослар йўқлигини маълум қилган”, дейди Севара Ўринбоева.

Маълумот ўрнида, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон сиёсатида мухолифатга йўл берилиши ҳақида илк бор 2019 йилнинг 27 декабрида гапирганди.

Мирзиёев Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабдаги ёшлар билан учрашувда мухолифат Ўзбекистонга қандай фойда келтиради дея риторик савол қўйганди.

“Ижтимоий тармоқларда мухолифат муҳокама қилинмоқда. У бизга қандай фойда келтиради? Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак”, деган эди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президентининг бу гаплари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кузатувчилари Ўзбекистонда 22 декабрдаги парламент сайлови нисбатан эркинроқ ўтган бўлса-да, тизимдаги ўзгаришлар мухолифатнинг ўрнини тўлдира олмаганини айтганидан сўнг янграганди.

22 декабрь куни эса Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов биринчи марта мухолифатдаги “Эрк” ва “Бирлик” ташкилотлари номини тилга олганди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Адлия вазирлиги “Эрк”чилар

Баҳолаганлар

149

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг