Адиз Бобоев Самарқанд ҳокими лавозимига тасдиқланди

Жамият

image
Адиз Бобоев Самарқандда янги парклар ташкил қилишни буюрди (видео) north_east

Адиз Бобоев Самарқандда янги парклар ташкил қилишни буюрди (видео)

Бир йилдан бери Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Адиз Бобоев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди. Бугун, 25 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ургут туманида бўлиб ўтаётган Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида унинг номзоди депутатлар томонидан тасдиқланди.

“Биз юртимизда инсон қадрини улуғлаш, иқтисодиётни барқарор ўстириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича катта-катта марра ва режаларни олаяпмиз. Бу ишларни ташкил қилиш учун вилоятга замонавий фикрлайдиган, муаммоларни тизимли таҳлил қилиб, инновацион ечим бера олишга салоҳиятли раҳбар керак”, деди давлат раҳбари.

Президент Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига Адиз Бобоев номзодини тавсия этди.

Вилоят фаолларининг номзод ҳақидаги фикрлари тинглангач, вилоят ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Адиз Бобоев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.

Президент янги ҳокимга у иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш, таннархни камайтириш ва энергия тежамкорликни ошириш бўйича Самарқандни намунали ҳудудга айлантириши шартлигини кўрсатиб ўтди.

Маълумот учун, Адиз Бобоев 1972 йилда туғилган. У Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Бухоро вилояти молия бошқармасида 1-тоифали иқтисодчи, монополияга қарши ва нарх сиёсати бўлими етакчи иқтисодчиси бўлиб, шунингдек, бошқа лавозимларда ишлаган. Шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Ижроия бошқармаси даромадларни прогнозлаш бошқармаси бошлиғи, Давлат бюджети бош бошқармасининг жамланма бюджет даромадларини режалаштириш ва таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва Молия вазирлиги тузилмасидаги бошқа лавозимларда ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 28 ноябрда Адиз Музаффарович Бобоев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонига мувофиқ, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд Адиз Бобоев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг