Адабиёт музейи фаолияти тугатиладими? Расмий изоҳ берилди

Жамият

image

Аввалроқ, ёзувчи Шукур Жаббор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат билан чиқиб, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фаолиятини сақлаб қолиш ва унинг тақдирига эътибор қаратишни сўрагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур мурожаат юзасидан Фанлар академияси расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, музейда амалга оширилаётган ишлар унинг фаолиятини тўхтатишга эмас, балки нодир қўлёзмалар, архив материаллари ва бошқа экспонатларни янада хавфсиз ва замонавий шароитда сақлашга қаратилган. Мазкур жараёнлар янги музей биноси фойдаланишга топширилгунга қадар вақтинчалик чора сифатида амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 майдаги 234-Ф-сон фармойишига мувофиқ, Адабиёт музейининг янги биноси Янги Тошкент шаҳрида барпо этилаётгани ҳамда музей фондидаги қимматли манбаларни сақлаш мақсадида уларни босқичма-босқич кўчириш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, қўлёзма ва тошбосма манбалар, шунингдек “Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари архиви” фонди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига вақтинчалик сақлаш учун жойлаштирилган. Музейнинг бошқа экспонатлари эса Ўзбекистон Фанлар академияси Антропология институтига вақтинча кўчирилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йил 9 июнь куни 847 та нодир қўлёзма Ислом цивилизацияси марказининг махсус сақлаш хоналарига жойлаштирилган. Шунингдек, 1 491 та тошбосма манба, 439 папкада фото-нусхалар, 145 папкада плёнка ва негативлар ҳамда 1 416 512 ҳужжатдан иборат архив фонди бирламчи хатловдан ўткизилган.

Айни пайтда музей томошабинлар ва тадқиқотчилар учун вақтинча ёпиқ бўлса-да, ходимлар ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Экспонатларни инвентаризация қилиш ва ҳужжатлаштириш ишлари изчил давом этмоқда.

Қайд этилишича, ушбу жараёнларнинг барчаси музей фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда маданий меросни ишончли сақлаш мақсадида амалга оширилган. Мутасаддилар эса жамоатчиликдан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган маълумотларга эмас, расмий ахборотларга таянишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, Шукур Жаббор ўз мурожаатида музей ўзининг амалдаги биносидан кўчирилаётгани ҳамда ҳозирча музей учун янги бино ажратилмагани, унинг айрим экспонатлари эса вақтинча Ислом цивилизацияси марказининг ертўласига жойлаштирилганини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг