Давлат ва жамоат арбоби Зафар Ҳакимов вафот этди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институтининг тасвирий ва амалий санъат бўлими мудири, йирик давлат ва жамоат арбоби Зафар Абдуллаевич Ҳакимов вафот этди. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.

Маълумот учун, Зафар Ҳакимов 1942 йил 14 августда Бухоро шаҳрида туғилган. 1964 йилда Тошкент давлат университетини тугатган. 1964-1985 йилларда Санъатшунослик институтида лаборант, аспирант, кичик илмий ходим, катта илмий ходим, илмий котиб лавозимларида фаолият юритган.

У турли йилларда давлат ташкилотларида раҳбар ва масъул лавозимларда, хусусан 1985-1988 йилларда Ўзбекистон Бадиий фонди директори, 1988-1990 йилларда Ўзбекистон КП марказий қўмитаси маданият бўлими масъул ходими, 1990-1992 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти аппарати маданият, фан, маънавий тарбия масалалари бўйича етакчи консультанти, 1992-1993 йилларда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, вазири, 1993-1995 йилларда Ўзтелерадиокомпания раисининг биринчи ўринбосари, 1995-1997 йилларда Ўзтелерадиокомпания раиси, 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти аппарати жамоат ташкилотлари билан алоқалар бўйича етакчи консультанти ва 1998-1999 йилларда “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти етакчи илмий муҳаррири лавозимларида фаолият юритган.

1999 йилдан бошлаб “Мозийдан садо” илмий-амалий, маърифий журналининг Бош муҳаррири лавозимида меҳнат қилиб келган. Фаолияти давомида тарих, археология, архитектура масалаларига бағишланган 50 та мақолалари, монография ва қўлланмалари республика нашрларида чоп этилган. Олим 1970-1979 йилларда совет-афғон археологик экспедицияси таркибида Шимолий Афғонистонда ўнлаб қадимий воҳа ва манзилгоҳларни кашф этган.

“Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси жамоаси номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, физика-математика фанлари доктори, профессор Галина Павловна Матвиевская Россиянинг Оренбург шаҳрида 94 ёшида вафот этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фанлар академияси Зафар Абдуллаевич Ҳакимов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг