“Activist” Ҳожиакбар Носировнинг нега қамалгани маълум қилинди
3-саҳифа
−
08 Апрель 2023
40690Ўзининг маҳсулотлар сифати ва уларнинг яроқлилиги ҳақидаги танқидий видеолари билан “Activist” номи орқали танилган Ҳожиакбар Носиров 15 суткага қамалгани тасдиқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг апрель ойида 1997 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Ҳожиакбар Носиров томонидан савдо дўконларида сотилаётган турли йогурт маҳсулотларининг ҳаммаси ҳаром эканлиги боис уларни истеъмол қилмаслик ҳақидаги фикрларини акс эттирувчи видеолавҳа эълон қилинган.
Ҳолат бўйича текширув ўтказилиб, унда Ҳожиакбар Носиров фуқароларга турли ишлаб чиқарувчи компаниялар маҳсулоти бўлган йогуртларнинг таркибида “кармин” моддаси борлиги сабабли уларни истеъмол қилиш мумкин эмаслиги хусусидаги фикрларини билдиргани аниқланган. У тегишли соҳа мутахассисларидан хулоса олмаган ҳолда, ўз ташаббусига кўра, шахсий диний қарашларидан келиб чиқиб фикрларини билдиргани айтилмоқда.
Бошқарманинг эслатишича, Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 25-моддасига асосан ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик, шунингдек 27-моддасига биноан шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон фуқароларининг юқоридаги кафолатларига монелик қилиш мумкин эмас. Айниқса, алоҳида шахсларнинг ўз ташаббуси орқали турли масалаларга диний тус бериш орқали ўзгаларнинг шахсий ҳаётга аралашишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасига биноан, тадбиркорлик фаолияти субекти ўз ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга раддия берилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Бундай маълумотларга раддия берилиши билан бир қаторда уларнинг тарқатилиши оқибатида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зарар компенсация қилинишини талаб этишга ҳақли.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилиши айтилган ИИББ баёнотида.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган текширув жараёнида Ҳожиакбар Носировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3- (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддалари (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик)га асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди томонидан Ҳожиакбар Носировга нисбатан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳожиакбар Носировнинг жамоаси аввалроқ унинг қамалгани ҳақида маълумот бериб, расмий ташкилотлардан айнан қайси ишлатган сўз ёки контенти диний экстремизмга алоқадор эканлигини исботлаб беришни сўраган эди.