Абдусатторов нуфузли турнирда совриндор бўлди
Спорт
−
03 Февраль 7833 1 дақиқа
Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳри мезбонлик қилган шахмат бўйича анъанавий “Tata Steel Chess” мусобақасида ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов совриндорлар қаторидан жой олди. Бу ҳақда турнир матбуот хизмати хабар берди.
Кеча, 2 февраль куни якунланган мусобақанинг охирги 13-турида Абдусатторов оқ доналарда ҳиндистонлик Пентала Ҳарикришнага қарши баҳс олиб бориб, дуранг ўйнади ва 8 очко билан турнирни 3-ўринда тугатди.
“Masters” гуруҳида 1- ва 2-ўринлар ҳиндистонлик гроссмейстерлар Гукеш Доммаражу ва Рамешбабу Прагнандҳага насиб этди. Ҳар икки ҳинд шахматчиси 13 та турда 8,5 очко тўплашга муваффақ бўлди.
“Challenger” гуруҳида қатнашган Нодирбек Ёқуббоев турнирни 4-ўринда якунлади. 13 та турда 8 очко жамғарган Ёқуббоевга кучли учликка кириш учун 0,5 очко етмади. Бу гуруҳда ғолиблик Чехия вакили Ван Нгуенга насиб этди. Нгуен 13 та турда 9,5 очко тўплашга муваффақ бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нодирбек Ёқуббоев мусобақада юзага келган ноқулай вазият учун ҳиндистонлик Рамешбабу Ваишалидан узр сўраганди.
Ёқуббоев ўйин олдидан шахмат қоидалари бўйича Рамешбабу Ваишалининг қўлини сиқиб қўймаганди ва бу воқеа муҳокамаларга сабаб бўлди.
Live
Барчаси